Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистонда паспорт ва ID-карта йўқотилгани учун жарималар бекор қилинади

UzDaily таҳририяти · 16.07.2026 · 17:10 · 25 views
Ўзбекистонда паспорт ва ID-карта йўқотилгани учун жарималар бекор қилинади

Ўзбекистонда паспорт ва ID-карта йўқотилгани учун жарималар бекор қилинади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда паспорт, ID-карта ва хорижга чиқиш паспортини йўқотиш ёки яроқсиз ҳолатга келтириш учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш режалаштирилмоқда. Жарима ўрнига янги ҳужжат расмийлаштирилганда қўшимча давлат божи ундирилади. Бу чора Президентнинг «Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ва фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлигига 2026 йил октябрь ойига қадар амалдаги қонунчиликка ўзгартишлар киритиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Таклиф этилаётган тартибга кўра, паспорт, ID-карта ёки хорижга чиқиш паспорти йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, фуқароларни маъмурий жавобгарликка тортмасдан янги ҳужжат расмийлаштирилади. Ушбу ташаббусни амалга ошириш учун масъул идоралар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаши лозим.

Ҳозирги вақтда паспорт, ID-карта ва хорижга чиқиш паспортини йўқотиш ёки яроқсиз ҳолга келтириш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Мазкур нормалар 2022 йил март ойида жорий этилган.