Қорақалпоғистонда “Орол балиғидан 99 та таом” халқаро гастрономик фестивали ўтказилади
Қорақалпоғистонда “Орол балиғидан 99 та таом” халқаро гастрономик фестивали ўтказилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 23–24 апрель кунлари Республикасининг Тахтакўпир туманида жойлашган «Каратэрен» этно-туристик мажмуасида “Орол балиғидан 99 та таом” халқаро гастрономик фестиваль бўлиб ўтади.
Мазкур тадбир Оролбўйи минтақасининг ўзига хос гастрономик туризми салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, Қорақалпоғистонда маданий ва кўнгилочар тадбирлар сонини кўпайтириш ва бу орқали ҳудудга ташриф буюрувчи маҳаллий ҳамда хорижий туристларнинг сонини янада кўпайтиришга қаратилган.
Ушбу фестиваль 2017 йилдан буён мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Бу йилги фестиваль доирасида 50 га яқин малакали ошпазлар иштирок этиб, Орол ҳудудига хос бўлган балиқ маҳсулотларидан тайёрланган энг сара ва ноёб таомларни тақдим этади.
Ташриф буюрувчилар 99 турдаги хилма-хил балиқ таомларини — қовурилган ва димланган балиқлар, машҳур балиқ шўрвалари ва бошқа миллий таомларни нафақат тайёрланишини томоша қилиш, балки татиб кўриш имкониятига эга бўладилар. Фестиваль якунида ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилади.
“Орол балиғидан 99 та таом” фестивали нафақат мазали таомлар байрами, балки қайта тикланаётган Оролбўйи табиати, бой маданий мероси ва меҳмондўстлик анъаналарининг ёрқин намоёни сифатида ҳам катта аҳамият касб этади.