Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Қонунчилик палатаси қўмитаси прекурсорларнинг муомаласи тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди

UzDaily таҳририяти · 03.07.2026 · 17:10 · 25 views
Қонунчилик палатаси қўмитаси прекурсорларнинг муомаласи тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди

Қонунчилик палатаси қўмитаси прекурсорларнинг муомаласи тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан прекурсорларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш орқали аҳолини, биринчи навбатда, ёшлар саломатлигини ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ғайриқонуний нарколабораторияларда прекурсорлардан фойдаланган ҳолда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва тарқатишга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарлик чораларини белгилаш зарурияти юзага келмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда. Яъни, прекурсорларнинг қонуний муомаласи тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Айни пайтда қўмита томонидан қонун лойиҳасини қуйи палата мажлиси кун тартибига киритиш учун тайёрланмоқда.