Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразмлик тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда

Дилафруз Ниязова · 18.08.2026 · 11:43 · 9 views
Президент Шавкат Мирзиёев Хоразмлик тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Хоразмлик тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Хоразмда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда. Бугунги анжуманда илк бор туман студияларидан ҳам 25 мингга яқин тадбиркор иштирок этмоқда.

Давлатимиз раҳбари юртимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга фаол ҳисса қўшаётган 1 миллион 200 минглик бизнес ҳамжамиятини Тадбиркорлар куни билан табриклади.

Беш йил олдин тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиш анъанаси бошланганидан буён бизнесга тўсиқ бўлган минглаб масалаларга ечим берилди. Бу борада 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор қабул қилинди.

– Нима учун? Тадбиркорларимизга шароит яратиб, янги иш ўринларини кўпайтириш, одамларимизни узоққа бормасдан, маҳалласининг ўзида даромадли қилиш учун! – деди Президентимиз.

Ўтган даврда бизнес учун ажратилган кредит портфели қарийб 3 карра ошиб, 450 триллион сўмга етди. Тадбиркорлар 650 триллион сўмлик солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланди.

Кўплаб бизнес вакиллари хорижий банклардан ўз лойиҳаларига мустақил равишда 1 миллиард доллар жалб қилди. Давлатимиз раҳбари буни тадбиркорларимиз забт этган яна бир улкан марра сифатида баҳолади.

Бугун тадбиркорларимиз “бизнесни бошлаш” босқичидан “капитални кўпайтириш” босқичига ўтяпти,– деди давлатимиз раҳбари.

Беш йилда корхоналарнинг асосий капиталга инвестицияси 3 карра кўпайиб, 363 триллион сўмга етди. Саноати 100 миллион доллардан ошган туманлар сони 66 тадан 116 тага кўпайди.

Ахборот технологиялари, финтех ва бошқа сервис соҳаларининг жадал ривожланаётгани ҳисобига хизматлар ҳажми 1 триллион сўмлик маррадан ўтган туманлар сони 41 тадан 152 тага етди. Етакчи халқаро маркетплейслар билан ишлаётган корхоналар эса 3,5 мингтани ташкил этмоқда.

Бизнесини маҳаллада бошлаб, юртимиз бўйлаб ўнлаб филиалларга эга бўлган тадбиркорлар 550 тадан, миллий брендини яратганлар 300 тадан ошди.

Сўнгги йилларда мис, олтин, металл прокат, полиетилен, ПВХ, каолин ва бошқа хомашёларнинг таклифи оширилди. Натижада электротехника, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик ва мебелсозлик каби соҳаларда “катта сакраш” қилинди.

Электромобил, полимер ва маиший кимё, «яшил» энергетика, заргарлик саноати каби янги йўналишлар шаклланди. «БЙД», “АДМ Жиззакҳ”, “Сирдарё Асака Моторс” каби замонавий автомобиль заводлари соҳага янги компетенция ва технологиялар олиб кирди.

Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда Хоразмда ҳам тадбиркорлик учун мутлақо янги имкониятлар яратилганини таъкидлади. Қисқа даврда вилоятга 4 миллиард доллар хорижий инвестиция кириб, 10 мингта янги қувват ишга тушди.

«Ҳазорасп» махсус иқтисодий зонаси ва 31 та саноат зонаси ташкил этилди. Тупроққалъа ва Янгиариқда жами 275 мегаваттли электр станциялар барпо қилиниб, корхоналарнинг барқарор энергия таъминотига хизмат қилмоқда.

Бугун Хоразм иқтисодиётининг 72 фоизини кичик бизнес яратмоқда. Экспортда кичик бизнес улуши 81 фоизга етиб, вилоят республикада биринчи ўринга чиқди.

Ҳафталик авиарейслар 16 тадан 102 тага, темир йўл қатновлари 8 тадан 41 тага кўпайди. “Тошкент – Хива” тезюрар поезди йўлга қўйилди, 35 километрлик янги “Урганч – Хива” автомобиль йўли ишга туширилмоқда.

25 гектарда “Арда Хива” туристик мажмуаси барпо этилди, тадбиркорлар 7 минг ўринли 331 та меҳмонхона ва меҳмон уйларини ташкил қилди. Жорий йил Хоразмга 3 миллион хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда.

Хивада меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар объектларни ўз ичига олган “Саҳро юлдузи” туристик комплекси ҳам бунёд этилади.

– Бир сўз билан айтганда, бугун Хоразм тадбиркорлар учун янги имкониятлар марказига айланиб бормоқда,– деди Президент.

Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда Хоразмда ҳам тадбиркорлик учун мутлақо янги имкониятлар яратилганини таъкидлади. Қисқа даврда вилоятга 4 миллиард доллар хорижий инвестиция кириб, 10 мингта янги қувват ишга тушди.

«Ҳазорасп» махсус иқтисодий зонаси ва 31 та саноат зонаси ташкил этилди. Тупроққалъа ва Янгиариқда жами 275 мегаваттли электр станциялар барпо қилиниб, корхоналарнинг барқарор энергия таъминотига хизмат қилмоқда.

Бугун Хоразм иқтисодиётининг 72 фоизини кичик бизнес яратмоқда. Экспортда кичик бизнес улуши 81 фоизга етиб, вилоят республикада биринчи ўринга чиқди.

Ҳафталик авиарейслар 16 тадан 102 тага, темир йўл қатновлари 8 тадан 41 тага кўпайди. “Тошкент – Хива” тезюрар поезди йўлга қўйилди, 35 километрлик янги “Урганч – Хива” автомобиль йўли ишга туширилмоқда.

25 гектарда “Арда Хива” туристик мажмуаси барпо этилди, тадбиркорлар 7 минг ўринли 331 та меҳмонхона ва меҳмон уйларини ташкил қилди. Жорий йил Хоразмга 3 миллион хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда.

Хивада меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар объектларни ўз ичига олган “Саҳро юлдузи” туристик комплекси ҳам бунёд этилади.

– Бир сўз билан айтганда, бугун Хоразм тадбиркорлар учун янги имкониятлар марказига айланиб бормоқда, – деди Президент.

Иқтисодиёт ўсишига катта туртки берадиган йирик лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Жиззахда атом электр станцияси, Олмалиқда тўртинчи мис бойитиш фабрикаси, “Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” замонавий автомобиль йўллари шулар жумласидан.

Хоразмда экологик авиаёқилғи мажмуаси, Сурхондарёда 940 гектарлик замонавий иссиқхона, Юқори Чирчиқда Янги Тошкент аэропорти қурилмоқда. Бу йил қиймати 27 миллиард доллар бўлган 105 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳаси бошланади.

Барча ҳудудларда жами 3 миллион аҳоли учун янги массивлар барпо этилмоқда. Бундай лойиҳаларда ўз маҳсулоти ва хизмати билан иштирок этмоқчи бўлган маҳаллий тадбиркорларга хорижий инвесторлар билан тенг шароит яратилади.

Транспорт-логистика соҳасида юк машиналарини импорт қилишда бож ва утилизация йиғими бекор қилинди. Халқаро ташувлар учун вагон тақдим этишда қўшилган қиймат солиғи «ноль» ставкага туширилади.

Келаси йил Грузиянинг Поти портида қуввати 500 минг тонна бўлган логистика маркази ишга туширилади, Анаклия порти бўйича ҳам амалий ишлар бошланади. Олот, Термиз, Янгийўл, Оҳангарон ва Хонободда йирик транспорт-логистика марказлари ташкил этилади.

Келгуси йилда Тошкент халқаро молия маркази ҳамда “Enterprise Uzbekistan” халқаро рақамли технологиялар маркази ишга туширилади. Улар 20-25 миллиард доллар капитал, янги билим ва технологияларни жалб этиш имконини яратади.

Президентимиз тадбиркорлар кўтарган масалалар асосида янги ташаббусларни эълон қилди. Биринчи йўналиш – тадбиркорлик учун барқарор ўсиш траекториясини таъминлаш.

Банклар кредит портфелида кичик бизнес улуши 45 фоиздан 63 фоизга ошди. Биринчи ярим йилликнинг ўзида кичик ва ўрта бизнесга 76,5 триллион сўм ресурс ажратилди.

Яқинда “кредит хизматлари ягона рақамли портали” ишга тушди. Тадбиркор битта ариза беради, банклар эса мижоз учун рақобат қилади, бизнесни энди бошлаётганлар 5 миллиард сўмгача кредитни онлайн расмийлаштириши мумкин бўлади.

Энди бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратилади. Янги тадбиркорлар учун “Бизнес старт”, ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар учун “Бизнес лифт”, янги ўсиш босқичига ўтаётганлар учун “Бизнес юксалиш” дастурлари жорий этилади.

“Бизнес старт” доирасида тадбиркорлар сунъий интеллект ёрдамида лойиҳа, кредит ҳужжатлари ва ҳисобот юритишни ўрганади. Бу мақсадга 100 миллиард сўм ажратилиб, тайёр бизнес-режа ва 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.

– Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз,– деди давлатимиз раҳбари.

Кичик тадбиркорлар учун энг катта масалалардан бири – гаров таъминоти. Шу боис, бизнеснинг ҳақиқий қийматини баҳолаб кредит бериш имконини яратадиган «контр-кафолат» тизими жорий этилади.

10 миллиард сўмгача кредитда гаровнинг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси, 15 фоизини банклар ўз зиммасига олади. Тадбиркорнинг ўзига 25 фоиз гаров топиш кифоя қилади.

“Виртуал солиқ маслаҳатчиси” орқали тадбиркорга харажат ва хатоларни камайтиришга ёрдам берадиган сунъий интеллект портали ишга туширилди. Келаси йилдан бундай “сунъий интеллект ёрдамчилари” қурилиш, меҳнат муносабатлари, ташқи савдо ва давлат хизматларида ҳам жорий этилади.

Иккинчи йўналиш – ҳудудларда “бизнес имкониятлари”ни ошириш. Давлатимиз раҳбари минглаб гектар бўш ер ва самарасиз фойдаланилаётган давлат активлари фақат лойиҳага айланиб, иш ўрни ва экспортга хизмат қилганда ҳақиқий қиймат яратишини таъкидлади.

Давлат активини сотиб олишда аванс 30 фоиздан 15 фоизга туширилади, олти ойда тўлиқ тўлов қилганларга 25 фоиз чегирма берилади. Сумманинг ярмини тўлаган тадбиркор қолганини 7 йилда фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин бўлади.

Уч ойда сотилмаган давлат мулкининг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача камайтирилади. Аукцион муддати ҳам икки баробар қисқартирилади.

Аукционда ер сотиб олган тадбиркор қурилишни бошлаш учун 6 ойдан 1 йилгача ҳужжат йиғиб юришига барҳам берилади. Энди ҳокимлар ерни қурилиш рухсати, архитектура-режалаштириш топшириғи ва лойиҳаси билан “тайёр пакет” шаклида савдога чиқаради.

Бундай ерни олган тадбиркор қурилишни дарҳол бошлаши мумкин бўлади. Инфратузилма йиғими бўйича аванс ҳам 20 фоиздан 5 фоизга туширилади.

Банклар балансидаги 9 триллион сўмлик 2,5 мингта мулкни чегирмали нархда, бошланғич тўловсиз ва фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилади. Уни сотиб олган тадбиркор бир йил ер ва мулк солиғини тўламайди.

Биринчи навбатда маҳаллийлаштириладиган 50 та маҳсулот рўйхати шакллантирилди. Уларни ўзлаштириш учун Навоий, Жиззах, Наманган, Ургут ва Ҳазорасп махсус иқтисодий зоналарининг бир қисмида “Бонд саноат зоналари” ташкил этилади.

Бу зоналарга хомашё ва бутловчи қисмларни олиб киришда барча солиқ ва божхона тўловларидан озод қилинади. Маҳаллийлаштириш даражаси 30-40 фоиздан ошса, маҳсулотни ички бозорга чиқаришда ҳам имтиёзли шартлар қўлланади.

“Бонд саноат зоналари”да замонавий R&D марказлари, лаборатория, муҳандислик ва технологик хизматлар ягона занжирда ишлайди. Тадбиркорларга инфратузилмали тайёр бинолар тақдим этиш учун 50 миллион доллар ажратилади.

Кўп тадбиркорлар электр энергияси ва газ учун 100 фоиз олдиндан тўлов қилиш айланма маблағни қисқартираётганини билдирган. Энди ASKUE ва ASKUG тизимига уланган, тўлов интизомини бузмаган корхоналар учун аванс 15 фоиз бўлади.

– Умуман, энергетика бўйича бошқарув тизимини тубдан ўзгартиряпмиз. Барча туманларда тадбиркорларнинг ҳозирги эҳтиёжи ва эртанги режасига қараб ишлайдиган янги тизим бўлади, – деди Президентимиз.

Келаси йилдан қурилиш соҳасида пудратчи ва лойиҳачилар ўсишини рағбатлантирадиган янги ёндашув жорий этилади. Қурилиш қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир ишчи-соат учун энг кам иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида маблағ режалаштирилади.

Давлат объектлари сметасида пудрат корхоналари учун 7 фоиз фойда кўзда тутилади. Қурилиш мураккаблигига қараб лойиҳалаш ишларига объект қийматининг 4-7 фоизигача маблағ ажратилади.

Давлатимиз раҳбари учинчи йўналиш сифатида “сунъий интеллект – бошқарув самарадорлиги – янги инвестициялар” экотизимини яратиш вазифасини белгилади.

– Бугун қайси тадбиркор қўшилган қийматни кўпайтирса, сунъий интеллект ёрдамида унумдорликни оширса, таннарх бўйича изланса, эртанги бозор уники, – деди Президент.

Таҳлилларга кўра, замонавий бошқарув ва сунъий интеллект ёндашувларини жорий қилган тадбиркорларнинг 54 фоизида маҳсулотга талаб кескин ортган. 25 фоизида таннарх камайиб, 40 фоизида даромад ўсиши ҳисобига ишчиларнинг ойлиги 10 фоиздан кўпроқ кўтарилган.

Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида биринчи суперкомпютер кластери ишга туширилди. Келаси йил унинг қуввати 3 карра оширилади.

“10 минг корхона учун – сунъий интеллект ҳамкор” дастури бошланади. Корхоналарга сунъий интеллект жорий қилиш харажатининг 50 фоизи компенсация қилинади.

Янги маҳсулот учун сунъий интеллект моделини яратишда суперкомпютердан бепул фойдаланиш имкони берилади. Илмий-тадқиқот харажатлари ҳам буджетдан қопланади.

Тадбиркорлар фойдаланиши учун тайёр сунъий интеллект дастурлари очиқ платформага жойлаштирилади. Дастурнинг биринчи босқичига камида 100 миллион доллар ажратилади.

Тўқимачиликдаги тажриба электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноатига ҳам татбиқ этилади. Ушбу корхоналарда автоматлашган бошқарув тизимларини жорий этиш харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Жорий йил илк бор 13 та стратегик компания активига эга Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоиз улуши Тошкент ва Лондон фонд биржаларига чиқарилди. Мазкур тажриба хусусий сектор учун ҳам ташқи капитал бозорларга йўл очди.

Энди маҳаллий корхоналарни капитал бозорига олиб чиқиш учун нуфузли инвестиция банклари билан акселерация дастури йўлга қўйилади. Ҳар йили даромади 1 триллион сўмдан юқори бўлган 50 та корхона танлаб олинади.

Уларни ИПОга тайёрлаш, ҳисоботларини халқаро стандартларга мослаштириш харажатининг ярми қопланади. Бу хусусий корхоналарга четдан йилига камида 1 миллиард доллар жалб қилиш имконини беради.

Президентимиз ҳар йили 50 миллиард долларлик юқори технологик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётганини қайд этиб, уларда кадр тайёрлаш компоненти бўлиши шартлигини таъкидлади.

– Ҳар бир лойиҳанинг самараси фақат технологияга эмас, уни ишлата оладиган малакали кадрларга боғлиқ,– деди давлатимиз раҳбари.

Урганчда Германия ва Хитой тажрибаси асосида ўқувчиларни «яшил» энергетика, қурилиш, ҳамширалик, агрономлик, электротехника каби 10 турдаги касбга йўналтириш тизими йўлга қўйилди. Ушбу тажриба республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.

Техникум ташкил қиладиган ёки давлат техникумини олиб халқаро стандарт асосида кадр тайёрлайдиган тадбиркорларнинг харажатлари солиғидан чегириб берилади. Шу тизим орқали 1 миллион ёшни замонавий касбларга ўргатиб, юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсад қилинган.

Тўртинчи йўналиш – экспорт салоҳиятини ошириш ва миллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш. Президентимиз ташқи бозорда ҳар бир доллар экспорт учун кучли рақобат кетаётганини таъкидлади.

Ўрганишларга кўра, экспортчиларнинг 40 фоизи хорижлик мижоз топишга, 36 фоизи стандарт ва сертификация талабларига мослашишга қийналмоқда. 37 фоизида қулай молиявий инструментлар, 33 фоизида бозор, маркетинг ва бренд бўйича кўникмалар етишмайди.

Шу боис, ташқи бозорга чиқишнинг барча босқичларида комплекс хизмат кўрсатадиган “экспорт навигатор” тизими йўлга қўйилади. Хорижда талаб юқори бўлган 100 та маҳсулотнинг рўйхати шакллантирилади.

Ҳар бир маҳсулот бўйича ташқи бозордаги рақобатчилар, тариф тизими ва логистика ечимлари ишлаб чиқилади. 2 мингта корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни ташқи бозор ва харидор сегментига мослаштирилади.

Тадбиркорларга хорижий брендмейкер жалб қилиш харажатининг ярми – 500 минг долларгача қоплаб берилади. Миллий брендни ташқи бозорда тарғиб қилиш ва халқаро талабларга мослаштириш учун 50 минг долларгача субсидия ажратилади.

Маркетплейсларда омборга жойлаштириш ва сотиш харажатининг ярми, халқаро тендерлар учун консалтинг харажатининг 80 фоизи компенсация қилинади. Экспортчиларни қўллаб-қувватлашнинг ягона тизимига камида 1 миллиард доллар йўналтирилади.

– Бугун дунёда бозор учун кураш кун сайин кучайиб боряпти. Бундай вазиятда хорижга чиққан тадбиркор ҳеч қачон ўзини ёлғиз ҳис қилмаслиги керак,– деди Президент.

Элчиларга қаерда янги имконият ва бозор бўлса, тадбиркорларни биринчи бўлиб “қўлидан ушлаб” олиб бориш вазифаси қўйилди.

Экспортнинг 60 фоизи тўғри келаётган 20 та давлат ва истиқболи юқори яна 5 та давлатда “экспорт элчилари” фаолияти йўлга қўйилади. Уларни ўша бозорга энг кўп экспорт қилаётган тадбиркорларнинг ўзи сайлайди.

“Экспорт элчилари” савдо тармоқлари, сертификат ва маркетинг масалаларида бошқа тадбиркорларга кўмаклашади. Уларнинг бориш-келиш ва яшаш харажатлари қоплаб берилади.

Экспортда муддати ўтган қарздорлик муаммоси бўйича ҳам янги енгилликлар берилади. Йил якунигача қарзни қоплаш учун банк ҳисобрақамига валюта қўйилса, у экспорт тушуми сифатида қабул қилинади.

Товар учун тўлов келмаган бўлса ҳам экспортга чеклов бекор қилинади, инвойсда 50 фоиз олдиндан тушум талаби олиб tashlanadi.Savdo уйлари ва дистрибюторлар орқали экспортда валюта тушумини таъминлаш муддати 180 кундан 365 кунга узайтирилади.
Бешинчи йўналиш – бизнесга маъмурий босимни кескин камайтириш. Сўнгги уч йилда солиқ юки 13,4 фоиздан 12 фоизга, ўн йилда яширин иқтисодиёт улуши 50 фоиздан 26 фоизга тушди.

– Иқтисодиётни «соя»дан чиқариш текшириш билан эмас, тадбиркорга йўл кўрсатиб, тўғри ишлашга ўргатиш орқали бўлиши керак,– деди давлатимиз раҳбари.

Таҳлил қилинган 5 минг тадбиркорнинг ярмидан кўпида бир йилда 2-3 марта, яна 21 фоизида 4 мартадан солиқ текшируви ўтказилган. Бунга ёнғин, қурилиш, санитария, карантин ва энергия инспекцияларининг такрорий текширувлари ҳам қўшилмоқда.

– Бир нарсани тушуниш керак: хотиржамлик бўлмаган жойда эркинлик ҳам, ривожланиш ва янгиликка интилиш ҳам бўлмайди,– деди Президент.

Шу боис, кичик бизнесда инсон соғлиғи ва бошқа тадбиркорлар манфаатига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай текшириш учун уч йил муддатга мораторий эълон қилинади.

Ўрта ва йирик тадбиркор ўз корхонасини ихтиёрий профилактик аудитдан ўтказса, унинг хулосасини солиқ органи тан олади. Камчиликни бартараф қилган тадбиркор жаримага тортилмайди, бир йилда такрорий текширув эса фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан ўтказилади.

Ҳозир 51 та идора молиявий жарима қўллаш ваколатига эга. Айрим идораларда жаримадан тушган маблағнинг бир қисми ўзида қолиши “текширса – қўрқади, қўрқса – тўлайди” деган нотўғри ёндашувни келтириб чиқараётгани танқид қилинди.

– Жарима маблағ йиғиш учун эмас, соҳада тартиб-интизом ва профилактика учун хизмат қилиши керак,– деди Президентимиз.

Шу боис, барча турдаги жарималар миқдори ўртача 2 баробар камайтирилади.

Давлат корхоналари харид қилган товарлар бўйича тадбиркорнинг закалат пулини қайтариш автоматлаштирилади.

Келаси йилдан тадбиркор ва давлат ўртасидаги низоларда “Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” жорий этилади. Тадбиркорнинг айби судда исботланмагунча у айбсиз ҳисобланади ва унга жарима ёки бошқа таъсир чораси қўлланмайди.

Шунингдек, “Биринчи хато учун огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади. Биринчи бор қоида бузган ва одамлар ҳаёти, соғлиғи ёки мулкига зарар етказмаган тадбиркорга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун берилади.

Назорат органлари биринчи инстанциядан кейинги ҳар бир суд босқичида давлат божини тўлайди. Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги эксперт кенгашига божхона, қурилиш, санитария, карантин ва ветеринария соҳаларидаги низоларни ҳам кўриб чиқиш ваколати берилади.

Тадбиркорликка оид давлат хизматларининг 50 фоизи “сукут – розилик” тамойилига ўтказилади. Яъни ариза белгиланган муддатда кўриб чиқилмаса, у автоматик равишда тадбиркор фойдасига ҳал қилинган ҳисобланади.

Лицензия бўйича ариза рад этилган ҳар бир ҳолатни Бизнес-омбудсман ўрганади. Асоссиз рад қилиш учун жавобгарлик кучайтирилади.

Тез орада 30 дан зиёд фаолият тури бўйича лицензия ва рухсатнома бекор қилинади, яна 35 тасини бериш муддати 2-3 карра қисқаради. 10 та рухсат хабардор қилиш тартибига ўтказилади.

Озиқ-овқат экспорти учун талаб этиладиган ветеринария, санитария ва фитосанитария рухсатномаларининг ўрнига ягона “Саломатлик сертификати” берилади. Янги лицензия ва рухсатнома жорий этишдан олдин у уч ҳудудда олти ой экспериментдан ўтказилади.

Тадбиркорлар мулкига ижро ҳужжатлари асосида тақиқ қўйиш билан боғлиқ эътирозлар ҳам кўплиги қайд этилди. Мазкур масалалар бўйича алоҳида учрашув ўтказилиб, тизимли ечимлар белгиланади.

Йил бошидан Ўзбекистонга 8 миллион хорижлик сайёҳ ташриф буюрди, уларнинг мамлакатимизда қолиш муддати 8 кунгача узайди. Давлатимиз раҳбари туризм ислоҳотлари аҳоли даромадида янада кўпроқ сезилиши кераклигини таъкидлади.

Меҳмонхона қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун 50 миллион доллар ресурс ажратилади. Тадбиркорларга 10 йил муддатга миллий валютада 16 фоизли кредит берилади.

Уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхона қуриш учун субсидия бериш муддати яна икки йилга узайтирилади. Субсидия учун меҳмонхона «юлдузи»ни тасдиқлашда хорижий компания хулосасини талаб қилиш амалиёти бекор қилинади.

Меҳмонхоналар учун ер ва мулк солиғини 10 баробар кам ставкада тўлаш имтиёзи 2030 йилгача узайтирилади. 50 тадан кўп жойлаштирув ўрнига эга меҳмонхоналарга нақд валюта қабул қиладиган банкоматларни банкларнинг ўзи ўрнатиб беради.

Туроператорларнинг хорижлик туристларга кўрсатган хизмати экспортга тенглаштирилиб, қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.

Туристик автобус, электробус ва микроавтобуслар олиб келишдаги божхона имтиёзи яна бир йилга узайтирилади. Бундай транспорт воситалари учун утилизация йиғими ҳам ундирилмайди.

Президентимиз мулоқот якунида иқтисодиётни янги босқичга олиб чиқиш бўйича асосий мақсадларни белгилаб берди.

– Биз 40 миллионли халқмиз. Одамларимиз ҳаётини янада яхшилаш учун юқори иқтисодий ўсишни сақлаб қолишимиз зарур,– деди давлатимиз раҳбари.

Жорий йил ялпи ички маҳсулотни 180 миллиард доллардан, экспортни 40 миллиард доллардан ошириш марраси олинган. Бунинг учун тадбиркорларга юқори даромадли иш ўринлари, қўшилган қиймат ва ташқи бозорларни кенгайтириш учун барча шароитлар яратиб борилади.

Тошкентда экспортга йўналтирилган бизнес, Андижон, Фарғона ва Наманганда тўлиқ занжирли тўқимачилик ва машинасозлик, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда туризм, креатив индустрия ва агросаноат брендлари янги ўсиш нуқталари бўлиши кераклиги таъкидланди.

Навоий ва Тошкент вилоятида тоғ-кон, металлургия ва илмий кимё, Қашқадарё ва Сурхондарёда агросаноат ва нефть-газ кимёсида узун қўшилган қиймат занжирларини яратиш вазифаси қўйилди. Қорақалпоғистонда «яшил» энергетика, АТ ва сунъий интеллект иқтисодий драйверга айлантирилади.

Жиззах ва Сирдарёда автомобилсозлик, электротехника ва қурилиш материаллари бўйича рақобатбардош кластерлар ривожлантирилади.

– Ана шунда одамларимиз четга чиқиб ишлашига зарурат қолмайди, Янги Ўзбекистон тадбиркорлари янги ривожланиш босқичига чиқади. Ишончим комил, бунга кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади! – деди давлатимиз раҳбари.

Очиқ мулоқот давомида мамлакатимиз етакчиси тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглади.

– Сизлар билан гаплашиб, бир нарсага амин бўлдим. Юртимизда замонавий фикрлайдиган, ўз бизнесини кенгайтириш учун янгиликка интилаётган янги авлод тадбиркорлари шаклланмоқда.

Ҳеч қачон олдинга интилишдан, ўсишдан, ривожланишдан, янгилик қилишдан тўхтаманг! Сизларнинг ортингизда доимо қўллаб-қувватлайдиган кучли давлат, ҳуқуқ ва манфаатингизни ҳимоя қиладиган қонун, ташаббус ва мақсадларингизни рўёбга чиқаришда елкадош бўлган Президент бор!– деди давлатимиз раҳбари якунда.

Президентимиз йиғилганларни яна бир бор Тадбиркорлар куни билан табриклаб, барчага сиҳат-саломатлик, ишларида ривож ва оилавий хотиржамлик тилади.