Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистонда хорижда ишга жойлаштириш билан боғлиқ фирибгарликлар аниқланди

Дилафруз Ниязова · 18.08.2026 · 17:15 · 3 views
Ўзбекистонда хорижда ишга жойлаштириш билан боғлиқ фирибгарликлар аниқланди
Ўзбекистонда хорижда ишга жойлаштириш билан боғлиқ фирибгарликлар аниқланди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда фуқароларга хорижда ишга жойлаштиришни ваъда қилиш билан боғлиқ учта фирибгарлик ҳолати аниқланди. Тезкор тадбирлар Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган.

Барча ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарлик бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Тошкентда муқаддам судланган, 1985 йилда туғилган эркак танишлари орқали Қашқадарё вилоятининг олти нафар аҳолисига Словакияда ишга жойлашишни таклиф қилган. Бунинг учун у 145 млн сўм талаб қилган. Эркак 85 млн сўм миқдоридаги авансни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бир ҳолатда Тошкентда хорижий давлатларга виза расмийлаштириш бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатувчи МЧЖ раҳбари 2002 йилда туғилган фуқарога Германияда ишга жойлашишда ёрдам беришни таклиф қилган. У виза расмийлаштириш ва иш топишда кўмаклашиш учун 4 минг доллар олган ва ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунга ўхшаш яна бир ҳолат Тошкент вилоятида аниқланган. Зангиота туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган аёл 2000 йилда туғилган Ангрен шаҳри аҳолисининг ишончини қозониб, унга Жанубий Кореяда ишга жойлашишда кўмаклашишни таклиф қилган. У виза расмийлаштириш ва ишга жойлашишда ёрдам бериш учун 5900 доллар олган ва ушланган.

Аниқланган барча ҳолатлар бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳодисанинг ҳолатлари қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ўрганилмоқда.