Ўзбекистонлик фойдаланувчилар энди Yandex Maps’да реал вақтдаги геопозицияни улаша олади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистондаги Yandex Maps иловасида энди ўз жойлашувини реал вақт режимида бошқалар билан бўлишиш имконияти пайдо бўлди. Янги функция шаҳарда бир-бирини тезроқ топиш ва яқинлар билан алоқада бўлиб туришга ёрдам беради. Масалан, бозорда хариддан кейин кўришиш, ёзги фестивалда адашиб қолмаслик, аэропортда қариндошларни кутиб олиш ёки нотаниш маҳаллада осонроқ йўл топиш мумкин.
Бу функция айниқса ёз фаслида ва чилла даврида жуда керак. Бу вақтда одамлар шаҳар ташқарисига кўпроқ саёҳат қилади ва кечқурун оиласи ёки дўстлари билан учрашувларни режалаштиради. Қисқа муддатли геопозиция трансляцияси Чорсу бозорида, Тошкент марказида ёки йирик савдо марказида бир-бирини тез топишга ёрдам беради. Узоқроқ муддатли трансляция эса шаҳар ташқарисига саёҳат вақтида, масалан, Чорвоқ сув омбори, Чимён ёки Амирсойга борганда, шунингдек бошқа мамлакатга саёҳат чоғида қулай.
Геопозиция туристлар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин. Yandex Maps’нинг ички маълумотларига кўра, 2025 йил ёзида хорижлик сайёҳлар Ўзбекистонда ушбу хизматдан 4 миллиондан кўпроқ фойдаланган. Yandex Maps’дан энг кўп Россия, Қозоғистон ва Туркиядан келган сайёҳлар фойдаланган. Улар саёҳат давомида манзилларни излаган, йўналишлар тузган ва навигациядан фойдаланган. Янги шаҳарда геопозиция функцияси сайр пайтида ҳамроҳлардан адашмасликка, диққатга сазовор жойлар, вокзал ёки аэропортда бир-бирини тезроқ топишга ёрдам беради. Бу, айниқса, гуруҳ иккига бўлиниб кетганида, масалан, кимдир кафе ёки дўконда бироз ушланиб қолганидан кейин яна йиғилиш керак бўлганда жуда қулай.
Фойдаланувчи ўз геопозициясини турган жойи акс этган харита фрагменти орқали бўлишиши мумкин. Шунингдек, харитадаги ўз жойлашуви белгисига босиб, локацияни дўстлари ёки яқинларига юбориши мумкин. Улар фойдаланувчининг жойлашувини ўз харитасида кўради ва шу заҳоти унгача маршрут тузиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, профил белгиси орқали «Геопозиция» бўлимига кириб, жойлашув ҳақидаги маълумотни юбориш ёки трансляцияни тўхтатиш мумкин. Трансляция якунлангач, фойдаланувчининг белгиси у геопозициясини бўлишган одамлар харитасидан автоматик равишда йўқолади.
Yandex Maps оилавий сценарийларни ривожлантиришда давом этади ҳамда яқинларга шаҳарда, саёҳатларда ва кундалик ҳаётда бир-бирини осонроқ топиш ва алоқада қолишга ёрдам берадиган янги имкониятларни қўшиб боради.
Функция Ўзбекистондаги Yandex Maps мобил иловасининг iOS ва Android версияларида авторизациядан ўтган фойдаланувчилар учун мавжуд.