Ўзбекистонлик дзюдочилар Будапештдаги «Катта дубулға» турнирида қатнашади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон дзюдо терма жамоасининг олти нафар вакили 11–13 сентябрь кунлари Будапешт шаҳрида бўлиб ўтадиган «Катта дубулға» сериясидаги турнирда иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Венгрия пойтахтидаги мусобақада дунёнинг 70 та давлатидан 500 нафардан ортиқ спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси уч нафар эркак ва уч нафар аёл спортчи билан иштирок этади.
Турнирнинг эркаклар баҳсларида 60 килограммгача бўлган вазн тоифасида Достон Рўзиев иштирок этади. 73 килограммгача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон номидан Элбек Тожиев, 81 килограммгача бўлган вазн тоифасида эса Муроджон Йўлдошев татамига чиқади.
Аёллар ўртасида 48 килограммгача бўлган вазн тоифасида Севинч Муродова иштирок этади. 52 килограммгача бўлган вазн тоифасида Муҳайё Ахматова, 78 килограммгача бўлган вазн тоифасида эса Маржона Кучимова баҳс олиб боради.
Ўзбекистонлик дзюдочилар навбатдаги «Катта дубулға» турнирида иштирок этиш учун Венгрияга йўл олди.