Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёни жадаллашмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда хусусий бизнес ва инвесторлар учун имкониятлар хусусийлаштиришнинг янги босқичи доирасида кенгайтирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 28 августдаги ПФ-177-сон фармонига мувофиқ, 84 та хўжалик жамиятидаги давлат улушлари, 1242 та кўчмас мулк объекти ва қарийб 8 минг гектар ер майдонини савдога чиқариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.
Бундан ташқари, давлат иштирокидаги 85 та корхонани тугатиш ва қайта ташкил этиш, шунингдек, аввал сотилмаган 84 та объектни бошланғич нархи 1 млн сўмдан аукционга қайта чиқариш кўзда тутилган.
Сотувга чиқарилиши режалаштирилаётган активларнинг умумий қиймати 100 трлн сўмга баҳоланмоқда. Йил охирига қадар уларни сотишдан камида 14 трлн сўм тушум олиш кутилмоқда.
Харидорлар учун шартлар енгиллаштирилади
Янги механизм давлат активларини харид қилишда аванс тўловини 35 фоиздан 15 фоизгача камайтиришни назарда тутади.
Қолган суммани фоиз ҳисобланмаган ҳолда босқичма-босқич тўлаш мумкин бўлади.
Йирик битимлар учун қўшимча имтиёзлар ҳам белгиланган. Актив қиймати олти ой ичида тўлиқ тўланган тақдирда, харидор 25 фоизлик чегирмага эга бўлиши мумкин.
Шунингдек, актив қийматининг дастлабки 35 фоизи тўланганида 5 йилгача, 50 фоизи тўланганида эса 7 йилгача фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган.
Агар активни уч ой ичида сотишнинг имкони бўлмаса, унинг нархи босқичма-босқич пасайтирилади. Айрим ҳолатларда «гибрид аукцион» механизми қўлланиши режалаштирилган. Унда савдолар давомида дастлаб нарх пасайтирилади, сўнг оширилади.
Мазкур механизмлар давлат тижорат банклари балансида турган активларга ҳам татбиқ этилади.
Ер майдонлари «тайёр пакет» сифатида сотилади
Ер майдонларининг жозибадорлигини ошириш мақсадида «тайёр пакет» тамойилини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ер майдонлари муҳандислик тармоқларига уланиш учун олдиндан тайёрланган техник шартлар ва зарур рухсат берувчи ҳужжатлар билан бирга сотувга чиқарилишини англатади.
Бундан ташқари, йирик давлат олий таълим муассасалари ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини босқичма-босқич тижоратлаштириш, хусусий капитал ва замонавий молиявий воситаларни жалб қилиш имконияти ҳам назарда тутилган.
Агентликда таъкидланишича, янги чора-тадбирларни амалга ошириш давлатнинг иқтисодиётнинг рақобатли секторларидаги иштирокини қисқартириш, хусусий тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва давлат активларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини беради.