Ўзбекистонда уй-жой нархлари бир йилда 4 фоизга ошди
Ўзбекистонда уй-жой нархлари бир йилда 4 фоизга ошди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг II чорагида Ўзбекистонда турар жой кўчмас мулки нархлари ўтган чоракка нисбатан 1,3 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 4 фоизга ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар қилди.
Идора маълумотларига кўра, сўнгги 12 ойда квартиралар қиймати 5,5 фоизга ошган. Бунда энг юқори ўсиш бирламчи бозорда қайд этилган бўлиб, нархлар 7,1 фоизга кўтарилган. Иккиламчи бозорда эса квартиралар 4,2 фоизга қимматлашган.
Якка тартибдаги турар жойлар нархи бир йил давомида 2 фоизга ошган.
Тошкент шаҳрида квартиралар қиймати сўнгги 12 ойда 3,9 фоизга кўтарилган бўлса, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ўртача ўсиш 7 фоизни ташкил этган.
Миллий статистика қўмитаси маълум қилишича, 2026 йилнинг II чорагидан бошлаб уй-жой нархлари индекслари янгиланган методология асосида, гедоник регрессия усулидан фойдаланган ҳолда ҳисобланмоқда. Бундай ёндашув кўчмас мулк объектларининг майдони, жойлашуви, қаватлар сони ва уй-жойнинг бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда бозор динамикасини янада аниқ баҳолаш имконини беради.