Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бермаганларга жарима жорий этилиши мумкин
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Бош прокуратураси «Вояга етмаганларнинг никоҳга кириши, уларнинг ҳомиладорлиги ва туғиши ҳолатлари ҳақида хабар бермаганлик учун жавобгарлик чораларини белгилаш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Ҳужжатда аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этиш назарда тутилган.
Лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги 188-5-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, зиммасига тегишли мажбурият юклатилган мансабдор шахс ёки давлат органи, бошқа ташкилот ходимининг ҳуқуқбузарлик ҳақида ички ишлар органлари ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига хабар бермаслиги ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Бундай қоидабузарлик учун фуқаролар ва ходимларга 3 баравардан 5 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдорида (БҲМ) — 1,32 млн сўмдан 2,2 млн сўмгача жарима солиш таклиф этилмоқда. Мансабдор шахслар учун жарима 5 баравардан 10 бараваргача БҲМ, яъни 2,2 млн сўмдан 4,4 млн сўмгача бўлади.
Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, фуқаролар ва ходимларга 5 баравардан 10 бараваргача БҲМ — 2,2 млн сўмдан 4,4 млн сўмгача жарима солиш таклиф этилмоқда. Мансабдор шахслар учун эса жарима 10 баравардан 15 бараваргача БҲМ, яъни 4,4 млн сўмдан 6,6 млн сўмгача бўлади.
Таклиф этилаётган модда бўйича ишларни жиноят ишлари бўйича судларга кўриб чиқиш учун топшириш режалаштирилмоқда.
Тушунтириш материалларига кўра, қонун лойиҳаси 2026 йил 3 мартда қабул қилинган, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Фармонда вояга етмаганларнинг никоҳга кириши, 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги, туғруқ ҳолатлари ва бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳақида ички ишлар органлари ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига хабар бермаганлик учун жавобгарлик жорий этиш назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, тегишли мажбурият фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек, диний ташкилотлар вакилларига юкланади.
Бош прокуратурада таъкидланишича, амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимлари томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бермаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик мавжуд эмас.
Қонун лойиҳаси ишлаб чиқувчиларининг баҳолашича, айрим ҳолатларда бундай жавобгарликнинг йўқлиги ҳуқуқбузарликларни яшириш ёки зарур чораларни ўз вақтида кўрмасликка олиб келмоқда. Лойиҳа муаллифларининг фикрича, ўз вақтида хабар бериш ҳуқуқбузарликларни эртароқ аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш имконини беради.
Қонун қабул қилинган тақдирда, у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.