Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Тошкентда Глинка кўчасидаги йўл чўкиши газ тармоғи билан боғлиқ эмас

Дилафруз Ниязова · 03.09.2026 · 19:57 · 29 views
Тошкентда Глинка кўчасидаги йўл чўкиши газ тармоғи билан боғлиқ эмас
Тошкентда Глинка кўчасидаги йўл чўкиши газ тармоғи билан боғлиқ эмас / Фото: Ижтимоий тармоқлар.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Глинка кўчасида йўл қопламасининг чўкиши газ тармоқлари билан боғлиқ эмас. «Ҳудудгаз Пойтахт» мутахассислари ҳодиса жойини текшириб, табиий газ сизиб чиқиши ҳолатларини аниқламади. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Пойтахт» филиали хабар берди.

Ташкилот маълум қилишича, ҳодиса жойи орқали юқори босимли газ қувури ўтмайди. Текширув давомида табиий газ сизиб чиқиши ҳолатлари ҳам аниқланмаган.

Ҳодиса аввалроқ Глинка кўчасида кучли портлашдан сўнг содир бўлган. Йўлнинг қатнов қисмида чўкиш юзага келган ва шу муносабат билан мазкур участкада транспорт ҳаракати вақтинча чекланган.

Пойтахт ҳокимлиги вазиятни алоҳида назоратга олди. Ҳодиса жойида тегишли хизматлар ва мутахассислар ишламоқда. Улар йўл қопламаси шикастланишининг сабабларини аниқлаш, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва йўл қисмини тиклаш ишларини олиб бормоқда.

Аввалроқ гувоҳлар йўлнинг чўкишига иссиқлик тармоғининг шикастланиши сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эди. Veolia Energy Tashkent компанияси авариявий-тиклаш бригадаси ва корхона мутахассислари воқеа ҳолатларини аниқлаш учун зудлик билан ҳодиса жойига етиб борганини маълум қилди. Компания маълумотларига кўра, сизиб чиқиш ҳолатлари ҳам қайд этилмаган.

Ҳодиса оқибатида бир киши енгил тан жароҳатларини олган. Унга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилган.

Айни пайтда тегишли ташкилотлар ҳодиса сабабларини аниқлаш ва унинг оқибатларини бартараф этиш ишларини давом эттирмоқда. Кўриладиган кейинги чоралар ва амалга оширилаётган ишлар натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилади.