Ўзбекистонда чакана савдо айланмаси 20,2 фоизга ошди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2026 йил январь–июль ойларида чакана савдо айланмаси 310 901,9 млрд сўмга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан реал ҳисобда 20,2 фоизга кўп. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Қўмита маълумотларига кўра, 2026 йил 1 август ҳолатига мамлакатда 90 683 та чакана савдо билан шуғулланувчи тижорат корхонаси фаолият юритган. Улардан 424 таси йирик, 90 259 таси кичик корхона ва микрофирмалар ҳисобига тўғри келган. Йирик корхоналар товар айланмаси 55 228,1 млрд сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 126,9 фоиз бўлган. Кичик тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси эса 255 673,8 млрд сўмга етиб, 118,9 фоизга ошган.
Чакана товар айланмасининг энг юқори ўсиш суръати Хоразм вилоятида 125,9 фоиз, Жиззах вилоятида 123,8 фоиз ва Тошкент шаҳрида 123,7 фоизни ташкил этди. Энг кам ўсиш Бухоро вилоятида қайд этилди — 110,9 фоиз.
Кичик тадбиркорлик субъектларининг чакана товар айланмасидаги улуши 2025 йилдаги 82,2 фоиздан 2026 йилда 83,2 фоизга ошди. Шу билан бирга, йирик ташкилотларнинг улуши 17,8 фоиздан 16,8 фоизга камайди.
2026 йил январь–июль ойларида республикада улгуржи савдо айланмаси 396 827,6 млрд сўмни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг шу давридаги 326 594,8 млрд сўмлик кўрсаткичга нисбатан 15 фоизга кўп. 1 август ҳолатига ушбу соҳада 57 163 та корхона фаолият юритган бўлиб, уларнинг 421 таси йирик, 56 742 таси кичик корхона ва микрофирмалардан иборат.
Йирик корхоналарнинг улгуржи товар айланмаси 104 578,7 млрд сўмга етди ва ўсиш суръати 131,7 фоизни ташкил қилди. Кичик тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси 292 248,9 млрд сўм бўлиб, 110 фоизга ошди. Кичик бизнеснинг улгуржи савдонинг умумий ҳажмидаги улуши 73,6 фоизни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида улгуржи товар айланмасининг энг юқори ўсиши Жиззах вилоятида қайд этилди — 119,5 фоиз. Хоразм вилоятида бу кўрсаткич 118,1 фоизни ташкил қилди. Энг кам ўсиш Фарғона вилоятида 110,6 фоиз ва Наманган вилоятида 110,8 фоиз бўлди.
2026 йил январь–июль ойларида умумий овқатланиш корхоналарининг товар айланмаси 170 976,1 млрд сўмни ташкил этиб, реал ҳисобда 16,7 фоизга ошди. 1 август ҳолатига ушбу соҳадаги корхоналар сони 29 582 тага етди. Уларнинг 147 таси йирик корхона, 29 435 таси кичик корхона ва микрофирмалардир.
Кичик тадбиркорлик субъектларининг умумий овқатланиш соҳаси товар айланмасидаги улуши 77,6 фоизни, йирик корхоналар улуши эса 22,4 фоизни ташкил этди.