Ўзбекистонда банкларни ислом моделига ўтказиш тартиби тасдиқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Адлия вазирлиги микромолия ташкилотлари ва банклар фаолиятини қайта ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди. Унда айрим кредит ташкилотларини исломий банк моделига ўтказиш механизми белгиланган.
Ҳужжат «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун (2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ-1126-сон) ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Ўзгартишлар 2026 йил 1 августда 3656-1-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Янги тартибга мувофиқ, микромолия ташкилотлари фақат исломий банк фаолиятини амалга оширадиган микромолия банкларига айлантирилиши мумкин. Шунингдек, исломий микромолия банкини исломий банкка, исломий банкни исломий микромолия банкига, исломий микромолия банкини микромолия ташкилотига, шунингдек банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширадиган банкка айлантириш имконияти ҳам назарда тутилган.
Шу билан бирга, ҳужжатга кўра, исломий банкка айлантиришга фақат ўз фаолиятини тўлиқ исломий банкинг тамойиллари асосида амалга ошираётган микромолия банкига рухсат берилади.
Бундан ташқари, ўзгартишлар микромолия банкларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш бўйича қўшимча талабларни ҳам белгилайди. Хусусан, ариза берувчи Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекциясининг бинонинг шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги ҳақидаги хулосасини тақдим этиши лозим. Ушбу талаблар тўсиқсиз муҳитни таъминлаш ва ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитларни яратишни ҳам ўз ичига олади.