Технологиялар

Ўзбекистонда 8 октябрь куни ёшлар ядро мулоқоти ўтказилади

Ўзбекистонда 8 октябрь куни ёшлар ядро мулоқоти ўтказилади
Ўзбекистонда 8 октябрь куни ёшлар ядро мулоқоти ўтказилади  / Фото: «Росатом».

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 8 октябрь куни Impact Team 2050 халқаро дастури доирасида миллий ёшлар ядро мулоқоти бўлиб ўтади. Бу ҳақда дастурнинг матбуот релизида маълум қилинди.

Миллий ёшлар мулоқотлари 1 сентябрдан 30 октябрга қадар 15 та мамлакатда ўтказилмоқда. Уларда мактаб ўқувчилари, талабалар, ёш олимлар ва меҳнат фаолиятини энди бошлаган мутахассислар иштирок этмоқда. Иштирокчилар билим ва амалий тайёргарликдан фойдаланиш имкониятлари, касбий ўсиш истиқболлари ҳамда ядро технологияларига жамоатчилик ишончи масалаларини муҳокама қилмоқда.

Тўпланган таклифлар атом саноати ва у билан боғлиқ касбларнинг жозибадорлигини ошириш бўйича йўл харитасига киритилиши керак.

Дастур доирасидаги дастлабки учрашувлар сентябрь ойида Қозоғистонда бўлиб ўтди. 22 сентябрь куни Жакартада миллий мулоқот, 24 сентябрь куни эса Қоҳирада миллий мулоқот ўтказилди.

Индонезиядаги тадбирда 10 та университет ва мактабдан 60 нафар мактаб ўқувчиси, талаба ва ёш олим иштирок этди. Муҳокамалар ядро технологияларини қишлоқ хўжалигида қўллаш, шунингдек, тадқиқотлар ва инновацияларга бағишланди.

Қоҳирадаги биринчи миллий ёшлар ядромулоқоти Катта Қоҳира ҳудудидан 53 нафар тиббиёт талабаси ва интерн-шифокорни бирлаштирди. Иштирокчилар ядро технологияларидан тиббиётда фойдаланиш, радиация хавфсизлиги, жисмоний ҳимоя ҳамда касбий ихтисослашув масалаларини кўриб чиқди.

108 нафар тиббиёт талабаси ва интерн-шифокор ўртасида ўтказилган дастлабки сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 60 фоизи маълумот етишмаслигини ядро тиббиёти соҳасида ихтисослашувни танлашдаги асосий тўсиқ деб ҳисоблайди.

Яна 37 фоиз иштирокчи амалий тайёргарлик етишмаслигини, 36 фоиз эса касбий истиқболлар ва ихтисослашув йўлининг ноаниқлигини кўрсатган. Шу билан бирга, 62 фоиз иштирокчи ядро тиббиёти бўйича қўшимча билимлар олиш ушбу соҳани касбий йўналиш сифатида кўриб чиқишга тайёрлигини оширишини билдирган.

Дастур доирасида октябрь ойида, шунингдек, 8 октябрь куни Қирғизистон ва Ўзбекистонда, 14 октябрь куни Эфиопия ва Жанубий Африка Республикасида, 15 октябрь куни Арманистонда, 16 октябрь куни Бразилия ва Сербияда, 19 октябрь куни Венгрияда ҳамда 30 октябрь куни Руандада диалоглар ўтказиш режалаштирилган. Мисрда мулоқотнинг иккинчи қисми 15 октябрь куни бўлиб ўтади.

Халқаро дастур якунлари бўйича ёшларнинг таклифлари атом соҳасидаги касбларни танлашда мавжуд тўсиқлар рўйхати ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялардан иборат йўл харитасига асос бўлади.

Ҳужжатни 2026 йил 9–20 ноябрь кунлари Антальяда бўлиб ўтадиган БМТнинг COP31 иқлим конференцияси доирасида «Росатом» бош директори билан учрашувда тақдим этиш режалаштирилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.