Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025/2026 ўқув йили бошида Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим ташкилотларида ташқи ўриндошлар ҳисобга олинмаган ҳолда 577,7 минг нафар ўқитувчи фаолият юритган. Бир йилда уларнинг сони 12,8 минг нафарга ёки 2,3 фоизга ошган.
Бу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси келтирди.
Ўқитувчиларнинг 72,5 фоизини аёллар ташкил этган — 418,8 минг нафар. Эркаклар улуши эса 27,5 фоиз ёки 158,9 минг нафар педагогдан иборат бўлган.
Ўқитувчилар сони энг кўп бўлган ҳудудлар Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари бўлиб, ҳар бирида 65,1 минг нафардан педагог фаолият юритади. Кейинги ўринларда 60,6 минг нафар ўқитувчи билан Фарғона вилояти ва 52,3 минг нафар ўқитувчи билан Сурхондарё вилояти қайд этилган.
Андижон вилоятида 46,3 минг нафар, Наманган вилоятида 42,6 минг нафар, Қорақалпоғистон Республикасида 40,7 минг нафар, Тошкент вилоятида эса 40,2 минг нафар ўқитувчи ишлайди.
Хоразм вилоятида 35,1 минг нафар педагог, Тошкент шаҳрида 34,1 минг нафар, Бухоро вилоятида эса 33,4 минг нафар педагог фаолият юритмоқда.
Жиззах вилоятида 25,7 минг нафар, Навоий вилоятида 22,3 минг нафар, Сирдарё вилоятида эса 14,2 минг нафар ўқитувчи ишлайди.
Статистик маълумотлар Ўзбекистонда 1 октябрь куни нишонланадиган Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида эълон қилинди.