Ўзбекистон

Давлатимиз раҳбари Каллибек Камалов хотирасини ёд этди

Давлатимиз раҳбари Каллибек Камалов хотирасини ёд этди
Давлатимиз раҳбари Каллибек Камалов хотирасини ёд этди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига келди.

Сафарни бошлашдан аввал мамлакатимиз етакчиси атоқли давлат ва жамоат арбоби Каллибек Камаловнинг хонадонига ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилиниб, марҳумнинг ҳаққига дуои фотиҳа қилинди.

Президентимиз марҳумнинг ибратли ҳаёт йўли, эзгу ишлари ва эл-юрт равнақи йўлидаги хизматларини ёдга олди. Ўтганлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш, катталарни эъзозлаш ёш авлод учун ибрат эканини таъкидлади.

Жорий йил февраль ойида вафот этган Каллибек Камалов кўп йиллар Қорақалпоғистонда раҳбарлик лавозимларида ишлаб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини равнақ топтириш, аҳоли турмушини яхшилашга катта ҳисса қўшди.

Кейинги йилларда нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси сифатида кексаларни қўллаб-қувватлаш, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва ёшлар тарбиясида фаол иштирок этди. Хизматлари “Шуҳрат” медали ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.