Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан иқтисодий ўсишни муҳокама қилди

Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан иқтисодий ўсишни муҳокама қилди

Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан иқтисодий ўсишни муҳокама қилди

 Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Жорий йилнинг 14 май куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида халқаро молия институтлари (ХМИ) вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирокида мамлакатимиздаги макроиқтисодий тенденциялар, барқарор иқтисодий ўсиш омиллари ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашиш мақсадида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳассин, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг Ўзбекистон бўйича миссия раҳбари Яссер Абдиҳ, ХВЖнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Коба Гвенетадзе, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистон бўйича мамлакат директори Канокпан Лао-Арая, Осиё инфратузилма инвестициялар банки Мижозлар билан алоқалар бўлими бошлиғи Хонг Веи ҳамда ХМИ ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг масъул вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида томонлар сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодий ўсиш суръатларининг барқарор сақланиб келаётгани, ушбу ўсиш суръатларини давом эттириш ва макроиқтисодий мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш юзасидан муҳокамалар олиб борди.

Шунингдек, учрашувда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, тажриба алмашиш ҳамда йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Хусусан, иқтисодиётнинг турли тармоқларида, жумладан, саноат, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, кичик ва ўрта тадбиркорлик ҳамда транспорт-логистика соҳаларини ривожлантиришда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, томонлар демографик дивиденддан самарали фойдаланиш, инсон капиталини ривожлантириш, IТ, сунъий интеллект ва инновациялар ҳамда ҳудудий ривожланишни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, сув ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашув чораларини кучайтириш ҳамда барқарор инфратузилмани ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди.

 Ўз навбатида, халқаро молия институтлари вакиллари томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, иқтисодий ва институционал ривожланиш ҳамда бизнес муҳитини яхшилаш борасидаги чора-тадбирлар юқори баҳоланиб, ҳамкорликни самарали давом эттириш ва янги йўналишлар билан кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.

Учрашув якунида ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда юқоридаги йўналишларда фикрлар алмашинувини кенгайтиришга келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг