Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Япония ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэги билан иккинчи Стратегик мулоқотни ўтказди. Томонлар кенгайтирилган стратегик шерикликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилиб, ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида 2027–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида томонлар икки томонлама ҳамкорликни барча йўналишларда фаоллаштириш ва юқори даражада эришилган келишувларни изчил амалга ошириш масалаларини кўриб чиқди.
«Марказий Осиё+Япония» форматида минтақавий алоқаларни ривожлантириш, халқаро майдондаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишга алоҳида эътибор қаратилди.
Стратегик мулоқот якунлари бўйича Саидов ва Мотэги Ўзбекистон ҳамда Япония ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2027–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолади.
Ҳужжат икки давлат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам мулоқот ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.
Дастур, шунингдек, кенгайтирилган стратегик шерикликни янги мазмун билан бойитиш ҳамда юқори даражада эришилган келишувларни изчил амалга оширишни таъминлашга хизмат қилади.