Ўзбекистон ва Хитой ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида протокол имзоланди
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида протокол имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Шу йилнинг 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимов ҳамда ХХР Тижорат вазири ўринбосари Лин Сзи ҳамраислигида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича кичик қўмитанинг 9-йиғилиши бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида томонлар ўзаро савдо кўламини кенгайтириш, инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш, транспорт-логистика соҳасидаги шериклик ҳамда "Хитой – Марказий Осиё" форматидаги ҳамкорлик масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Учрашувда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми жадал ўсиб бораётгани, хусусан, 2025 йил якунлари бўйича бу кўрсаткич 17,8 миллиард долларни ташкил этгани, 2026 йилнинг биринчи чорагида эса яна 53,4 фоизга ошгани алоҳида эътироф этилди.
Темир йўл ташувларини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг минтақадаги муҳим логистика маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилди. Шунингдек, қўшма лойиҳаларга Хитой молия институтларини жалб этиш ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда инновацион ёндашувларни жорий қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат давомида жорий йилнинг 5-6 май кунлари Гонконгда ўтказилиши режалаштирилган бизнес-форум ҳамда 20-22 май кунлари Циан шаҳрида бўлиб ўтадиган Учинчи ҳудудлараро форумга кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари таҳлил қилинди. Тадбир якунида Ҳукуматлараро комиссия доирасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича тегишли Протокол имзоланди.