Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Қозоғистон геология соҳасида, жумладан, тармоқни рақамлаштириш, минерал ресурсларни қайта ишлаш ҳамда ноёб ва камёб ер металларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги хабар берди.
Икки мамлакат делегацияларининг учрашуви 13 сентябрь куни Тошкентда GEOMIN-2026 доирасида бўлиб ўтди. Ўзбекистон томонидан вазирнинг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова ва вазир ўринбосари Рустам Юсупов, Қозоғистон томонидан эса саноат ва қурилиш вице-вaziri Иран Шархан иштирок этди.
Музокаралар давомида томонлар геология соҳасидаги кўп йиллик ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.
Алоҳида эътибор соҳани рақамлаштириш, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, ноёб ва камёб ер металларини ишлаб чиқариш, шунингдек, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.
Қозоғистон делегацияси GEOMIN-2026 доирасида ўтказилган геология хизматларининг халқаро давра суҳбати юқори даражада ташкил этилганини ва унинг амалий аҳамиятини қайд этди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар геология соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.