Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиради

Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиради
Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиради / Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда икки мамлакат ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашишни давом эттиришга келишиб олди.

 

Бу масалалар Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Қирғизистон Жогорку Кенеши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг VI йиғилишида муҳокама қилинди.

Йиғилиш Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенешида бўлиб ўтди. Ўзбекистон парламент делегациясига Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси Содиқ Сафоев раҳбарлик қилди.

Қирғизистон томонидан делегацияга Жогорку Кенеш Торагасининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Жылдыз Таалайбек кызы бошчилик қилди.

Иштирокчилар стратегик шерикликни янада ривожлантириш, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва аввал эришилган келишувларни амалда бажариш истиқболларини кўриб чиқди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, минтақалараро ва чегарадош ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, таълим, илм-фан ва маданият соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқий ва маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ҳамда парламент назоратини кучайтиришда парламентларнинг ролини ҳам муҳокама қилди.

Йиғилиш якунида иштирокчилар ушбу йўналишлардаги қўшма ишларни давом эттириш ниятини тасдиқлади.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.