Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Туризм

Ўзбекистон ва Малайзия туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

UzDaily таҳририяти · 02.07.2026 · 17:15 · 19 views
Ўзбекистон ва Малайзия туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Малайзия туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С. Таджиев Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазирлиги делегацияси раҳбари Зулҳелми Закария бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Унда туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, маданий алмашинувни кенгайтириш ҳамда қўшма туризм лойиҳаларини илгари суриш истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида Тошкент халқаро туризм ярмаркаси (ТIТF) доирасида “Malaysia Culture Week 2026” кўргазмасини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томони мазкур тадбирни юқори савияда ўтказиш учун зарур кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдириб, ушбу кўргазма маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро сайёҳлар оқимини оширишда муҳим платформа бўлишини таъкидлади.

Шунингдек, томонлар икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари ўртасида B2B учрашувларини ташкил этиш, таништирув турларини (FAM trips) ўтказиш ҳамда Малайзия туроператорлари иштирокида «Umrah+» дастурини ривожлантириш масалаларини ҳам кўриб чиқдилар.

Учрашув якунида томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик алмашинувини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.