Ўзбекистон ва Жаҳон банки қишлоқ хўжалиги соҳасини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Жаҳон банки қишлоқ хўжалиги соҳасини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 13 май куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича барқарор ривожланиш масалалари бўйича минтақавий директори Самеҳ Ваҳба ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳассин, Ўзбекистондаги лойиҳалар раҳбари Анастасия Александрова, қишлоқ хўжалиги бўйича катта иқтисодчиси Пер Гербер ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Музокаралар давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, жумладан, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш соҳасида самарали лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда сув ресурсларини бошқариш соҳасида ҳамкорлик жадаллаштириш юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Хусусан, муҳокамаларда қуйидаги асосий масалаларга эътибор қаратди:
- қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда ушбу йўналишда мамлакатимизда амалга оширилаётган лойиҳалар;
- AgriConnect дастури доирасидаги ҳамкорлик олиб бориш, жумладан, юқори қўшилган қийматли бозор сегментларига чиқиш учун фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектларининг билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигида замонавий ечимларни таклиф этиш;
- ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш, сув тежовчи инновацион ечимларни кенгайтириш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида аграр тармоқнинг барқарорлигини таъминлашда ҳамкорликни ривожлантириш.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш, мавжуд лойиҳалар самарадорлигини ошириш ҳамда устувор йўналишлар бўйича янги ташаббусларни илгари суришга келишиб олди.