Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Иордания 26–27 октябрь кунлари Аммон шаҳрида бўлиб ўтган ўзбек делегациясининг ишчи ташрифи якунлари бўйича иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳаларни белгилаб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Делегацияга инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов раҳбарлик қилди. Ташриф давомида Ўзбекистон вакиллари Иорданиянинг давлат идоралари ва етакчи компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказиб, икки томонлама савдо ва инвестиция алоқаларини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.
Томонлар саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, энергетика, геология, тоғ-кон саноати ва транспорт логистикаси соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди. Саноат кооперациясини ривожлантириш ва қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф доирасида Иордания Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Ўзбекистон—Иордания давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони Иорданиялик ҳамкорларга мамлакатнинг инвестициявий имкониятлари ва бизнес юритиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди. Инвестицияларни жалб қилиш, қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Музокаралар якунида томонлар истиқболли лойиҳаларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олди. Шу билан бирга, вазирлик хабарида муайян компаниялар, режалаштирилаётган инвестициялар ҳажми ёки ташаббусларни ишга тушириш муддатлари ҳақида маълумот берилмаган.