Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Иордания ҳамкорликни кенгайтиришга келишди

UzDaily таҳририяти · 06.07.2026 · 18:23 · 19 views
Ўзбекистон ва Иордания ҳамкорликни кенгайтиришга келишди

Ўзбекистон ва Иордания ҳамкорликни кенгайтиришга келишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 6 июль куни Тошкент шаҳрида Иордания Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва экспатриантлар масалалари бўйича вазир Айман Сафади билан музокаралар ўтказди.

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли шерикликни янада ривожлантириш ва ўтган йили Самарқанд шаҳрида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув давомида бўлажак икки томонлама тадбирлар, жумладан, олий ва юқори даражадаги ташрифлар жадвали кўриб чиқилди. Вазирлар сиёсий мулоқот ва ўзаро алмашинувлар фаоллашаётганини мамнуният билан қайд этиб, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги мувофиқлаштиришни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

Савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-логистика, туризм, қишлоқ хўжалиги, таълим ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Амман — Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши, шунингдек, Ишбилармонлар кенгаши фаолияти иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қўшимча туртки беришини таъкидлади.

Вазирлар халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа кўп томонлама майдонларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини тасдиқлади.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги шерикликни изчил ривожлантириш ҳамда уни янги амалий мазмун билан бойитишдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлади.