Ўзбекистон ва Германия миграция соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миграция агентлиги раҳбари Бехзод Мусаев Германиянинг Ўзбекистонда яқинда тайинланган элчиси Маттиас Фоллерт билан учрашди. Томонлар Ўзбекистон фуқароларини Германияда тартибли ишга жойлаштиришни кенгайтириш, касбий тайёргарлик ва немис тилини ўрганиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Германия меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Германияда тиббиёт ходимлари, ҳайдовчилар, меҳмонхона ва ресторан соҳаси мутахассислари, шунингдек, техник касб вакилларига талаб юқори бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон томони Германия иш берувчиларининг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда фуқароларни касбий тайёрлаш дастурларини кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, томонлар Германияда ишлашни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари учун визаларни расмийлаштириш жараёнларини тезлаштиришга келишиб олди.
Томонлар ҳамкорликка Германиянинг янги иш берувчилари ва таълим муассасаларини жалб қилишни ҳам режалаштирмоқда. Бу Ўзбекистон фуқароларини тартибли ишга жойлаштириш имкониятларини кенгайтириш ва ўзбекистонлик мутахассисларни Германия меҳнат бозорида ишлашга тайёрлаш имконини бериши кутилмоқда.