Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистон ва Chong Kun Dang ҳамкорликни муҳокама қилди

Дилафруз Ниязова · 28.08.2026 · 10:35 · 25 views
Ўзбекистон ва Chong Kun Dang ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Chong Kun Dang ҳамкорликни муҳокама қилди / Фото: Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси таркибида Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ҳамда Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти вакиллари Корея Республикасига хизмат сафари доирасида Chong Kun Dang Pharmaceutical Corp. компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Томонлар Кореянинг фармацевтика саноатидаги тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашув давомида Chong Kun Dang вакиллари компаниянинг дори воситаларини ишлаб чиқариш ва янги препаратларни ишлаб чиқиш борасидаги тажрибасини тақдим этди. Биологик препаратлар ва биосимилярларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, компаниянинг GMP талабларига мувофиқ замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмасини ташкил этиш ёндашувлари, сифат назорати тизими ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти билан танишди.

Музокараларнинг асосий йўналишларидан бири Кореянинг илғор амалиётларини Ўзбекистон фармацевтика саноатига жорий этиш имконияти бўлди. Томонлар, шунингдек, биофармацевтика соҳаси учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, икки мамлакатнинг соҳа мутахассислари ўртасида билим ва тажриба алмашинувини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари биофармацевтика соҳасида қўшма илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқди. Муҳокама қилинган йўналишлар қаторида технологиялар трансфери ҳамда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун истиқболли соҳаларни белгилаш масалалари ҳам бўлди.