Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Шоҳрух Ғуломов Investopia Bridge 2026 форуми доирасидаги ишбилармонлик дастури доирасида Абу-Дабида Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
TAQA Water Solutions компанияси вакиллари билан Янги Тошкентда сув тозалаш иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланиш лойиҳаси муҳокама қилинди. Музокаралар якунида томонлар лойиҳани биргаликда ишлаб чиқиш тўғрисидаги келишувнинг амал қилиш муддатини узайтирдилар.
First Abu Dhabi Bank билан учрашувда асосий эътибор газ ташиш инфратузилмаси соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларига қаратилди. Томонлар, шунингдек, банк секторини қўллаб-қувватлаш ҳамда исломий молиялаштириш ва экспортни молиялаштириш инструментларидан фойдаланиш масалаларини кўриб чиқдилар.
AD Ports Group билан музокараларда логистика соҳасини рақамлаштириш, савдо-логистика хабини ташкил этиш ва компаниянинг Трансafғон транспорт коридорини ривожлантиришда эҳтимолий иштирок этиши масалалари муҳокама қилинди.
Modon компанияси билан Ўзбекистондаги девелоперлик лойиҳалари ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Таклифларни батафсил ишлаб чиқиш учун томонлар қўшма ишчи гуруҳ туздилар.
Учрашувлар якунлари бўйича инвестиция таклифларини тайёрлаш, молиявий ва техник параметрларни келишиш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.