7
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва АҚШ стратегик шериклик мулоқотини бошлади

Ўзбекистон ва АҚШ стратегик шериклик мулоқотини бошлади
Ўзбекистон ва АҚШ стратегик шериклик мулоқотини бошлади / Фото: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 19 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Музокараларни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио олиб борди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири маълум қилди.

Томонлар икки мамлакат етакчилари ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Учрашувда савдо ва инвестицияларни ривожлантириш, энергетика, муҳим минераллар ҳамда илғор технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Кун тартибидан таълим, маданий-гуманитар алоқалар ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам ўрин олди.

Бахтиёр Саидовнинг таъкидлашича, янги мулоқот механизмининг ишга туширилиши Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни изчил ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Томонлар мазкур мулоқот ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш ва кенгайтирилган стратегик шериклик доирасида янги ташаббусларни амалга оширишга хизмат қилишини кутмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.