Ўзбекистон ва Al Alfia Holding инвестиция ҳамкорлигини кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 13 август куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Al Alfia Holding Қатар компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди. Делегацияга компания раҳбариятининг махсус вакили Зайнаб Ал-Юсуф бошчилик қилди.
Томонлар компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш, ишлаб чиқилаётган ташаббусларни амалий босқичга ўтказиш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Устувор йўналишлар қаторида маҳаллий хомашё базаси ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мойлаш материаллари ҳамда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, шунингдек, нефть ва газ қудуқлари учун қудуқ усти ускуналарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Янги Тошкентдаги кўчмас мулк объектлари, тижорат ва меҳмонхона инфратузилмаси ҳамда логистика қувватларини ташкил этишга қаратилган лойиҳалар алоҳида муҳокама қилинди.
Учрашув якунида белгиланган йўналишларни батафсил ишлаб чиқиш, техник ва лойиҳа маълумотлари алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда янги Ўзбекистон–Қатар инвестиция ташаббусларини илгари суриш бўйича навбатдаги қадамлар белгилаб олинди.