Ўзбекистон U23 Осиё чемпионатида учинчи ўринни эгаллади
Жонбиби Ҳукмова / Фото: Asian Athletics
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг Ордос шаҳрида якунланган 23 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади. Мусобақа якунларига кўра, ўзбекистонлик енгил атлетикачилар 10 та медални — бешта олтин, тўртта кумуш ва битта бронза медални қўлга киритди.
Турнирнинг сўнгги куни миллий терма жамоа медаллар жамғармасини иккита олтин ва битта бронза медали билан бойитди. Баландликка сакраш баҳсларида ғолиб чиққан Амир Нагаев ва уч ҳатлаб сакраш мусобақасида биринчи ўринни эгаллаган Шарифа Давронова Осиё чемпионига айланди. Еттикураш баҳсларида Уғилой Норбоева бронза медалини қўлга киритди.
Чемпионат якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида Хитой ва Япония терма жамоаларидан ортда қолди.
Терма жамоага олтин медалларни, шунингдек, 400 ва 800 метрга югуриш баҳсларида ғолиб чиққан Жонбиби Ҳукмова ҳамда баландликка сакрашда энг яхши натижа қайд этган Валерия Горбатова ҳам тақдим этди.
Чемпионатнинг кумуш медаль соҳиблари 400 метрга тўсиқлар оша югуришда Нурхон Очилова, баландликка сакрашда Барнохон Сайфуллаева, болға улоқтиришда Аюбхон Фаёзов ва уч ҳатлаб сакрашда Иброҳим Маҳкамов бўлди. Терма жамоанинг бронза медалини еттикурашда учинчи ўринни эгаллаган Уғилой Норбоева қўлга киритди.