Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Ўзбекистон U19 аёллар терма жамоаси бокс бўйича Осиё чемпионати ғолиби бўлди

UzDaily таҳририяти · 15.07.2026 · 18:25 · 20 views
Ўзбекистон U19 аёллар терма жамоаси бокс бўйича Осиё чемпионати ғолиби бўлди

Ўзбекистон U19 аёллар терма жамоаси бокс бўйича Осиё чемпионати ғолиби бўлди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жакарта шаҳрида ўтаётган U19 ва U23 ёш тоифалари ўртасидаги бокс бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистоннинг 19 ёшгача бўлган қизлар терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистонлик боксчилар ўнта вазн тоифасидан саккизтасида иштирок этиб, олтита медални қўлга киритди. Улар тўртта олтин ва иккита кумуш медалга сазовор бўлди. Бу натижа жамоага умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаш имконини берди. Иккинчи ўринни Қозоғистон терма жамоаси, учинчи ўринни эса Ҳиндистон терма жамоаси эгаллади.

Ўзбекистонга олтин медалларни Сабрина Чакоманова (54 кг гача), Севара Маматова (60 кг гача), Рушанабону Исоева (65 кг гача) ва Самира Тургунова (75 кг гача) тақдим этди. Барча тўрт нафар спортчи финал жангларида рақибаларини 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Сабрина Чакоманова Ҳиндистон вакили Жойшри Девини, Севара Маматова ҳиндистонлик Чаҳатни, Рушанабону Исоева Хитой Тайбэи вакили Тонг Вонгни, Самира Тургунова эса Ҳиндистон вакили Аншикани мағлуб этди.

Чемпионатнинг кумуш медалларини Назокат Мардонова (51 кг гача) ва Мафтуна Янгиева (70 кг гача) қўлга киритди. Назокат Мардонова финалда Ҳиндистон вакили Чандрика Пужарига 0:5 ҳисобида мағлуб бўлди. Мафтуна Янгиева эса ҳал қилувчи баҳсда Қозоғистон вакили Камила Оспановага 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

Жакарта шаҳридаги Осиё чемпионати давом этмоқда. Навбатда медаллар учун курашга Ўзбекистоннинг U23 ёш тоифасидаги аёллар терма жамоаси вакилалари қўшилади.