Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг U-23 олимпия терма жамоаси Осиё ўйинларининг футбол турнири финалига чиқа олмади. Жамоа ярим финалда Японияга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди.
Ўзбекистон 8-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Сардорбек Баҳромов чап қанотдан узатилган тўпни қабул қилиб, Япония терма жамоаси дарвозасига йўллади.
Япония терма жамоаси 88-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Гол муаллифи Сена Ишибаши бўлди.
Асосий вақт 1:1 ҳисобида якунланди. Қўшимча вақтда ҳам рақиблар натижани ўзгартира олмади.
Пенальтилар сериясида Япония терма жамоаси аниқроқ ҳаракат қилди ва 9:8 ҳисобида ғалаба қозонди.
Бошқа ярим финал баҳсида Жанубий Корея Хитойни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, Осиё ўйинлари финалига йўл олди.
Шу тариқа, учинчи ўрин учун баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси Хитой билан ўйнайди.
Финал ва бронза медаллари учун баҳс 3 октябрь куни бўлиб ўтади.