Ўзбекистон сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича масъулиятни кучайтирмоқда
Ўзбекистон сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича масъулиятни кучайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган — “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, сувларнинг давлат ҳисобини юритиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, сув хўжалиги объектлари ва қурилмаларидан фойдаланиш масъулиятини кучайтириш бугун жуда муҳим.
Шунингдек, гидротехника иншоотлари хавфсизлигига оид қонунчилик талабларини бузиш ҳолатларининг олдини олиш ва оқова сувларни чиқариш тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини такомиллаштириш ҳам долзарбдир.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Хусусан, сувларнинг давлат ҳисобини юритиш, сув хўжалиги объектлари ва гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни бевосита масъул шахсларга нисбатан қўллаш назарда тутиляпти. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик мансабдор шахс томонидан содир этилган ҳолатларда нисбатан қатъийроқ жавобгарлик чораларини белгилаш ҳамда такроран содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдорини ошириш таклиф қилинмоқда.
Махсуд Муҳаммедов, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси: — Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли саломатлигини асраш мақсадида оқова сувларни чиқариш тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини такомиллаштиришга қаратилган нормалар ҳам лойиҳадан ўрин олган. Чунки фуқаролар саломатлигини асраш бугунги кунда долзарб масала. Шу нуқтаи назардан, айтиш мумкинки, мазкур қонун лойиҳаси сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда сув ресурсларини муҳофаза қилиш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.