Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Ўзбекистон шахмат терма жамоаси Майамида АҚШга қарши ўйнайди

UzDaily таҳририяти · 21.07.2026 · 11:15 · 33 views
Ўзбекистон шахмат терма жамоаси Майамида АҚШга қарши ўйнайди

Ўзбекистон шахмат терма жамоаси Майамида АҚШга қарши ўйнайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон шахмат терма жамоаси 27–28 июль кунлари Майами шаҳридаги Faena Miami Beach меҳмонхонасида бўлиб ўтадиган WR Chess турнири доирасида АҚШ терма жамоасига қарши баҳс олиб боради. Бу ҳақда мусобақа ташкилотчилари маълум қилди.

Рапид ва блиц йўналишларида ўтказиладиган мусобақа миллий терма жамоалар иштирок этадиган WR Chess жамоавий формати учун АҚШдаги илк турнир бўлади.

Ўзбекистон терма жамоаси сафида Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Яқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов иштирок этади. Захира ўйинчиси сифатида Муҳиддин Мадаминов қайд этилган. АҚШ жамоаси таркибидан Ҳикару Накамура, Фабиано Каруана, Уэсли Со ва Левон Аронян ўрин олган, захирада эса Лейньер Домингес бўлади. Учрашув классик Шевенинген тизими бўйича ўтказилади, унга кўра ҳар бир жамоа аъзоси рақиб жамоанинг барча иштирокчиларига қарши дона суришади.

Ташкилотчилар турнирнинг асосий интригаси сифатида Накамура ва 20 ёшли Жавоҳир Синдаровнинг навбатдаги тўқнашувини кўрсатмоқда. Жорий йил баҳорида ўзбекистонлик гроссмейстер Кипрда ўтган даъвогарлар турнирида америкалик шахматчини мағлуб этган ва жаҳон шахмат тожи учун расмий даъвогар мақомини қўлга киритган эди.

Жамоалар таркиби авлодлар ўртасидаги рақобатни ҳам акс эттиради. АҚШ шахмат терма жамоаси Олимпиадаларда олтита олтин медални қўлга киритган энг нуфузли жамоалардан бири ҳисобланади ва унинг ўйинчиларининг ўртача ёши 37,6 ёшни ташкил этади. 2022 йилги шахмат Олимпиадаси ғолиби бўлган Ўзбекистон терма жамоасининг ўртача ёши эса 21 ёшдир. Ташкилотчилар уни жаҳон шахматидаги энг истиқболли ўсиб келаётган кучлардан бири деб баҳоламоқда.

WR Chess асосчиси Вадим Розенштейннинг таъкидлашича, ташкилотнинг асосий мақсади шахматни янада томошабоп ва янги аудитория учун очиқ қилишдан иборат. Унинг сўзларига кўра, Майами ва Faena мажмуаси шахмат ривожланаётган янги йўналишни акс эттиради. Турнир WR Chess'нинг халқаро миқёсдаги фаол кенгайиши фонида ўтмоқда. 26 июнь куни Вадим Розенштейн Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) президенти лавозимига ўз номзодини қўйганини эълон қилган эди. Ушбу сайловлар сентябрь ойи охирида бўлиб ўтиши режалаштирилган.