Ўзбекистон

Ўзбекистон Саудия Арабистонидаги авиақатновлар бўйича фуқароларни огоҳлантирди

Ўзбекистон Саудия Арабистонидаги авиақатновлар бўйича фуқароларни огоҳлантирди
Ўзбекистон Саудия Арабистонидаги авиақатновлар бўйича фуқароларни огоҳлантирди / Фото: Ўзбекистон ТИВ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Эр-Риёддаги элчихонаси Саудия Арабистонида бўлиб турган ёки ушбу мамлакатга боришни режалаштираётган фуқароларга мурожаат қилиб, минтақадаги кескинлик фонида авиақатновларда ўзгаришлар юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Хабарда келтирилган маълумотларга кўра, Ямандаги можаро кескинлашуви фонида ҳусийлар Эр-Риёддаги Қирол Холид номидаги халқаро аэропорт ва Абҳа аэропортига ракета зарбалари берган. Саудия Арабистони расмийларининг маълумотларига кўра, ҳужумлар оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна 36 киши жароҳат олган.

Бунга жавобан Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Яман ҳудудидаги ҳусийларга тегишли 82 та объектга, жумладан, ракеталар сақланадиган 11 та тоғ омборига зарбалар берган.

Элчихонада таъкидланишича, минтақадаги кескин вазият авиарейслар жадвали, парвоз йўналишлари ва транзит шартларига таъсир кўрсатиши мумкин.

Йўловчиларга хорижий сафарларни режалаштиришда эҳтимолий ўзгаришларни ҳисобга олиш тавсия этилди. Ҳаво қатнови тартибидаги ўзгаришлар рейслар кечикишига, мажбурий равишда бошқа рейсларга ўтказилишга ва сафар давомийлигининг узайишига олиб келиши мумкин.

Шу билан бирга, дипломатик ваколатхона маълумотларига кўра, Саудия Арабистонидаги ички вазият барқарорлигича қолмоқда. Жамоат хавфсизлигига таҳдидлар ва махсус чеклов чоралари қайд этилмаган.

Фуқароларга тавсиялар

Элчихона Ўзбекистон фуқароларини Саудия Арабистони ва Яман чегарасига яқин ҳудудларга бормасликка ҳамда хавфсизлик масалалари бўйича маҳаллий ҳокимият органларининг кўрсатмаларига риоя қилишга чақирди.

Шунингдек, ҳарбий объектлар ва ҳодисалар оқибатларини суратга олмаслик, текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик, расмий хабарларни кузатиб бориш ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни ёнида олиб юриш тавсия этилди.

Зарур ҳолларда фуқаролар Ўзбекистоннинг Эр-Риёддаги элчихонасига +966 11 263 52 23 телефони орқали мурожаат қилишлари мумкин. Шунингдек, консул Шуҳрат Ибрагимов билан Telegram ва WhatsApp орқали +966 56 721 77 31 рақамида боғланиш мумкин.

Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консуллиги мурожаатларни +966 12 607 72 50 телефони орқали қабул қилади.

Консул Азимжон Қобилжонов билан Telegram ва WhatsApp орқали +966 59 439 08 50 рақамида боғланиш мумкин.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.