Ўзбекистон

Ўзбекистон келаси йили МДҲга раислик қилади

Ўзбекистон келаси йили МДҲга раислик қилади
Ўзбекистон келаси йили МДҲга раислик қилади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон келаси йили Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) раислик қилади. МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисини эса Бухоро шаҳрида ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳақда 9 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи давомида маълум қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар берди.

«Биз Ҳамдўстликни янада мустаҳкамлаш ва фуқароларимиз ҳис қила оладиган аниқ натижаларга эришиш учун яқин ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди давлат раҳбари.

Авазадаги саммит Ҳамдўстлик ташкил этилганининг 35 йиллигига тўғри келди. Мирзиёевнинг таъкидлашича, бу йиллар давомида МДҲ мамлакатларида ҳам, бутун дунёда ҳам кўп нарса ўзгарди. Бироқ халқлар ўртасидаги яқин инсонпарварлик алоқалари, умумий тарих ва ҳамкорликнинг улкан салоҳияти ўзгаришсиз қолди. Бугун ушбу салоҳиятдан халқлар манфаатлари йўлида фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Президент Ашхободнинг МДҲга раислигини юқори баҳолаб, уни мазмунли ва самарали деб атади. Шунингдек, саммитни ташкил этгани учун Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга миннатдорлик билдирди.

Мирзиёев дунё тубдан ўзгараётганини қайд этди: таранглик кучаймоқда, одатий иқтисодий алоқалар қайта шаклланмоқда. Унинг сўзларига кўра, бундай шароитда ишончни мустаҳкамлаш, позицияларни тез-тез мувофиқлаштириб бориш ва эришилган келишувлар амалда аниқ натижа беришига эришиш айниқса муҳимдир.

Давлат раҳбари ўз нутқида ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Улар қаторига эркин савдо ҳудудининг чекловларсиз тўлақонли фаолият юритишини таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, махсус иқтисодий зоналар ва саноат паркларини ягона тармоққа бирлаштириш, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда креатив индустрияларни ривожлантириш киради.

Президент кибержиноятчилик масаласига ҳам алоҳида тўхталди. У МДҲ Ички ишлар вазирлари кенгашига трансчегаравий кибержиноятлар ва фирибгарлик схемаларига тезкор жавоб қайтариш бўйича Қўшма алоқа марказини ташкил этиш чораларини қисқа муддатларда ишлаб чиқишни топширишни таклиф қилди.

Мирзиёев, шунингдек, қадимий Хива МДҲ Ёшлар форумини қабул қилишга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, форум ёшлар ўзининг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини тўлиқ намоён эта оладиган майдонга айланади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.