Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ мамлакатларига озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитлар экспортига чекловлар жорий этилишидан олдин хабардор қилиш ва маслаҳатлашувлар ўтказиш механизмни жорий этишни таклиф қилди.
Давлат раҳбари ушбу ташаббусни 9 октябрь куни Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида илгари сурди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бундай механизм Ҳамдўстлик мамлакатлари бозорларида олдиндан башорат қилиш имкониятини оширади. У эҳтимолий хатарларни олдиндан баҳолаш ва бир мамлакатнинг қарорлари бошқа давлатлар бозорларига кутилмаганда таъсир кўрсатадиган вазиятларнинг олдини олиш имконини беради.
Мирзиёев озиқ-овқат хавфсизлиги иқтисодиётлар барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигига бевосита дахлдор масала эканини таъкидлади. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини давлат харидлари соҳасида ўзаро фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисидаги битимни, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини тез фурсатда келишиш ва тасдиқлашга умид қилмоқда.
Таклифлар савдо-иқтисодий ҳамкорликка бағишланган нутқ қисмида билдирилди.
Президент иқтисодий интеграция ва ишлаб чиқариш кооперацияси барқарорлик ҳамда тараққиётнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолаётганини қайд этиб, МДҲ мамлакатлари ўртасидаги савдо ва инвестициявий шерикликни янги босқичга олиб чиқишга чақирди.
Мирзиёев энг устувор вазифалардан бири сифатида эркин савдо ҳудудининг чекловларсиз тўлақонли фаолият юритишини таъминлашни кўрсатди.
Бунинг учун техник тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олишни таъминлаш ва давлат харидларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш зарур.
Давлат раҳбари дунё тубдан ўзгараётганига, таранглик кучайиб, одатий иқтисодий алоқалар қайта шаклланаётганига эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, бундай шароитда ишончни мустаҳкамлаш ва эришилган келишувлар амалда аниқ натижалар беришига эришиш муҳимдир.
Келаси йили МДҲга раислик Ўзбекистонга ўтади.