Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон Президенти ва Кувайт Давлати Валиаҳди кенг қамровли шерикликни ривожлантириш режаларини муҳокама қилдилар

Беҳзод Ҳожиматов · 18.02.2025 · 17:00 · 335 views
Ўзбекистон Президенти ва Кувайт Давлати Валиаҳди кенг қамровли шерикликни ривожлантириш режаларини муҳокама қилдилар
Ўзбекистон Президенти ва Кувайт Давлати Валиаҳди кенг қамровли шерикликни ривожлантириш режаларини муҳокама қилдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни Ал-Кувайт шаҳрига ташриф доирасида ушбу мамлакат Валиаҳди Шайх Сабоҳ ас-Сабоҳ билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон билан Кувайт ўртасидаги дўстлик ва кенг қамровли шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Валиаҳдга самимий қабул ва алоҳида эътибор учун миннатдорлик билдирди.

Куни кеча бўлиб ўтган олий даражадаги тарихий музокаралар, ҳукумат аъзолари ва етакчи компаниялар билан сермаҳсул учрашувлар кўп қиррали Ўзбекистон-Кувайт муносабатларини кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиши таъкидланди.

Олий ва юқори даражада яқин мулоқот ва алмашинувларни давом эттиришга келишиб олинди. Инвестицияларни жалб қилиш учун платформани тез фурсатда ишга тушириш, агросаноат мажмуи, транспорт ва логистика, соғлиқни сақлаш, таълим, фармацевтика, инфратузилма ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинди.

"Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" мулоқоти доирасидаги ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қабул қилинган барча қарор ва келишувлар ижроси устидан биргаликда назорат ўрнатиш масаласи келишиб олинди.