Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бокс бўйича Осиё чемпионатида еттита олтин медални қўлга киритди

UzDaily таҳририяти · 16.07.2026 · 17:20 · 22 views
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бокс бўйича Осиё чемпионатида еттита олтин медални қўлга киритди

 Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бокс бўйича Осиё чемпионатида еттита олтин медални қўлга киритди

Фото: Asian Boxing

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жакарта шаҳрида ўтаётган U19 ёш тоифасидаги бокс бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси еттита олтин, битта кумуш ва битта бронза медални қўлга киритди. Мусобақанинг ҳал қилувчи кунида ўсмирлар ўртасида финал жанглари бўлиб ўтди.

50 кг вазн тоифасида Ўткирбек Норқосимов Қозоғистон вакили Эдил Асканбайни ҳакамларнинг якдил қарори билан 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, Осиё чемпиони бўлди.

55 кг вазн тоифасида Элёр Рустамов Ҳиндистонлик Адитяни 5:0 ҳисобида ишончли тарзда мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди. 60 кг вазнда Муҳаммадризо Укимов ҳам Таиланд вакили Сива Чайнаронг устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритди.

75 кг вазн тоифасида Суҳроб Раҳматуллаев Корея Республикаси вакили Донгжин Кимни иккинчи раундда муддатидан аввал мағлуб этиб, Осиё чемпионига айланди.

80 кг вазнда Аброр Шарипов олтин медални қўлга киритди. У биринчи раунддаги омадсизликдан кейин жанг тақдирини ўз фойдасига буриб, қозоғистонлик Тимур Таибековни мағлуб этди.

85 кг вазн тоифасида Сардорбек Баҳромхўжаев кескин кечган финалда Қозоғистон вакили Руслан Ахметовни 3:2 ҳисобида енгди.

Ўзбекистон терма жамоасига яна бир олтин медални 90 кг вазн тоифасида қатнашган Асадбек Султонбоев тақдим этди. У финалда ҳиндистонлик Шубҳам Ражпутни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Жанг давомида рақибга уч марта нокдаун саноғи очилди.

90 кгдан юқори вазн тоифасида Ислом Салихов финалда қозоғистонлик Владислав Саможоновга 2:3 ҳисобида мағлуб бўлиб, чемпионатнинг кумуш медалини қўлга киритди.

Бундан аввал 70 кг вазн тоифасида иштирок этган Ўзбекистон вакили Саидхўжа Садиллахўжаев мусобақанинг бронза медалини қўлга киритган эди. У ярим финалда қозоғистонлик Бибарис Аширбайга ҳакамларнинг якдил қарори билан 0:5 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани учинчи ўринда якунлади.

U19 ёш тоифасидаги Ўзбекистон терма жамоаси бокс бўйича Осиё чемпионатининг умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Қозоғистон терма жамоасига, учинчи ўрин эса Жанубий Корея жамоасига насиб этди.