Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистон Кореянинг биофармацевтика тажрибасини ўрганмоқда

Дилафруз Ниязова · 28.08.2026 · 10:30 · 23 views
Ўзбекистон Кореянинг биофармацевтика тажрибасини ўрганмоқда
Ўзбекистон Кореянинг биофармацевтика тажрибасини ўрганмоқда / Фото: Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ҳамда Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти вакиллари Корея Республикасига ташриф доирасида мамлакатнинг етакчи илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари фаолиятини ўрганди ҳамда биофармацевтика соҳасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Ўзбекистон делегацияси Корея Миллий Биожараёнларни тадқиқ этиш ва ўқитиш институтининг (Korea National Institute for Bioprocessing Research and Training) GMP лабораториялари фаолияти билан танишди. Хусусан, мутахассислар CAR-T ҳужайрали терапияси ва биофармацевтика билан боғлиқ йўналишларни ўрганди.

Бундан ташқари, ташриф иштирокчилари Biopharma AX лабораториясига бориб, биотехнологик препаратлар ва моноклонал антитаналар ишлаб чиқаришга мўлжалланган GMP инфратузилмаси билан танишди.

Дастурнинг алоҳида қисми мутахассислар тайёрлаш ва илмий тадқиқотларга бағишланди. Делегация микробиал биофармацевтика жараёнларига ихтисослашган Global Training Hub for Biomanufacturing ўқув инфратузилмасини ўрганди. Шунингдек, иштирокчилар Yonsei University College of Medicine лабораториялари фаолияти билан танишди. У ерда ҳайвонлардан фойдаланган ҳолда илмий тадқиқотлар олиб борилади.

Ташриф доирасида олимлар, профессорлар ва соҳанинг етакчи мутахассислари билан учрашувлар ўтказилди. Томонлар фармацевтика саноатининг замонавий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш, мутахассисларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда Кореянинг илғор тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувлар якунлари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Улар қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, олимлар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, халқаро тажриба асосида биофармацевтика соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни назарда тутади.