Ўзбекистон Ҳиротдаги электр жиҳозлари бозорини ўрганмоқда

Ўзбекистон Ҳиротдаги электр жиҳозлари бозорини ўрганмоқда

Ўзбекистон Ҳиротдаги электр жиҳозлари бозорини ўрганмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 13–14 апрель кунлари Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида ўзбек электротехника маҳсулотларини ташқи бозорларга кенгайтириш мақсадида бозор ўрганиш тадбирлари, B2B учрашувлар ҳамда савдо музокаралари ташкил этилди.

Мазкур ташриф давомида асосий эътибор айнан Афғонистон бозорида электротехника саноати йўналишида мавжуд эҳтиёжларни аниқлашга қаратилди.

«Ўзелтехсаноат» уюшмаси масъул ходимлари Ҳирот шаҳридаги йирик савдо мажмуалари ва электротехника бозорларига ташриф буюриб, маҳаллий дилерлар, импортёрлар ҳамда тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказди.

Ушбу учрашувларда Афғонистон бозорида айни пайтда қайси турдаги импорт электротехника маҳсулотларига талаб юқорилиги, бозордаги мавжуд таклиф ва нархлар мувозанати, шунингдек, импорт таркибида қайси сегментларда бўшлиқ мавжудлиги атрофлича таҳлил қилинди.

Мулоқотлар давомида Ҳирот бозорларини сифатли, рақобатбардош ва нарх жиҳатидан мақбул ўзбек электротехника маҳсулотлари билан тўлдириш, маҳаллий ҳамкорлар билан барқарор савдо занжирларини шакллантириш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш бўйича қатор таклиф ва фикр-мулоҳазалар илгари сурилди.

Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан амалий механизмларни ҳам муҳокама қилдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг