Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистон газ сизиб чиқишини камайтириш учун $10,6 млн олади

Дилафруз Ниязова · 21.08.2026 · 12:41 · 29 views
Ўзбекистон газ сизиб чиқишини камайтириш учун $10,6 млн олади
Ўзбекистон газ сизиб чиқишини камайтириш учун $10,6 млн олади / Фото: Жаҳон банки.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Жаҳон банки кўмагида газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш, метан чиқиндиларини камайтириш ҳамда газ инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган лойиҳани амалга оширади.

Лойиҳани амалга ошириш учун 10,6 млн доллар миқдорида грант ажратилади. Лойиҳа 2026–2028 йилларга мўлжалланган.

Лойиҳани амалга ошириш чоралари 2026 йил 18 августдаги Вазирлар Маҳкамасининг 444-сон қарори билан тасдиқланган. Грант келишуви Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ўртасида тузилган.

Маблағларнинг асосий қисми — 9,6 млн доллар — инфратузилмада газ йўқотишларини камайтириш чора-тадбирларига йўналтирилади. Яна 500 минг доллар мониторинг ва ҳисобот юритиш соҳасида институционал салоҳиятни мустаҳкамлашга ажратилади. Қолган 500 минг доллар лойиҳани амалга ошириш гуруҳи фаолияти, хорижий экспертларни жалб қилиш ва лойиҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа тадбирларга сарфланади.

Аввалроқ Жаҳон банки кўмагида «Ўзтрансгаз» объектларида ўтказилган тадқиқотлар доирасида газ сизиб чиқиши 1 000 дан ортиқ нуқтада аниқланган эди. Уларнинг умумий ҳажми 35 млн куб метргача баҳоланган.

Тасдиқланган механизмга мувофиқ, лойиҳа натижасида тежалган метан ҳажми мустақил равишда текширилади. Тежамкорлик ҳисобига шаклланадиган маблағларни махсус эскроу ҳисобварағида жамлаш режалаштирилмоқда.

Ушбу маблағлар газ тизимини модернизация қилиш ва техник хизмат кўрсатишни молиялаштириш учун ишлатилади. Бунда тежалган табиий газ камида икки йил давомида ички бозорга йўналтирилади.

Ишларни мувофиқлаштириш учун идоралараро ишчи гуруҳ тузилади. Унинг таркибига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзтрансгаз» вакиллари киради.

Лойиҳа нафақат газ йўқотишларини камайтиришни, балки тежалган ресурслардан газ инфратузилмасини янада ривожлантириш ва унга техник хизмат кўрсатиш учун йўналтириладиган механизмни яратишни ҳам назарда тутади.