Ўзбекистон Европадан ноёб артефактларни қайтармоқда
Ўзбекистон Европадан ноёб артефактларни қайтармоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Европадан II–VII асрларга тегишли тўққизта ноёб археологик топилмани қайтаришга тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу ашёлар аввал мамлакат ҳудудидан ноқонуний равишда олиб чиқилган бўлиб, халқаро тергов жараёнида аниқланган.
Улар орасида қадимий ҳайкаллар бошлари ва гипсдан ясалган фрескалар парчалари мавжуд бўлиб, яқин вақт ичида Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясига топширилиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, мазкур артефактлар юқори тарихий қийматга эга бўлиб, қадимда Бақтрия ва Кушон цивилизациялари муҳим марказларидан бири ҳисобланган ҳудуднинг маданий меросини акс эттиради.
Ушбу ёдгорликларни аниқлаш Inherent Vice код номи остида ўтказилган халқаро операция доирасида амалга оширилди. Унда соҳавий экспертлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан ОБСЕ иштирок этган. Артефактларнинг бир қисми санъат соҳасидаги жиноятларни тергов қилувчи Лондон полициясининг ихтисослашган бўлинмаси томонидан тақдим этилган.
Тарихий қийматга эга ашёларни қайтариш миллий маданий меросни тиклашга қаратилган тизимли ишларнинг бир қисми ҳисобланади. Илгари Ислом цивилизацияси маркази Британия тўпламларидан Бухоро ва Шероз усталари томонидан яратилган XV–XVI асрларга оид асл шарқ миниатюраларини ҳам қайтаришга эришган эди.
Келгусида марказ Европа галереялари билан ҳамкорликни кенгайтиришни, шунингдек Sotheby’s ва Christie’s каби йирик халқаро аукцион уйлари савдоларида иштирок этиб, Ўзбекистон учун маданий аҳамиятга эга бўлган бошқа қимматли ашёларни аниқлаш ва қайтаришни режалаштирмоқда.