Ўзбекистон эркаклар бокс терма жамоаси Хитойда бўлиб ўтган Жаҳон кубогида энг яхши натижани қайд этди
Ўзбекистон эркаклар бокс терма жамоаси Хитойда бўлиб ўтган Жаҳон кубогида энг яхши натижани қайд этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг Гуйян шаҳрида бокс бўйича нуфузли Жаҳон кубоги мусобақалари якунланди. Турнирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси юқори тайёргарлик даражасини намойиш этиб, жами 12 та турли даражадаги медални қўлга киритди.
Эркаклар ўртасидаги баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон боксидаги етакчилик мақомини яна бир бор тасдиқлади. Жамоа якуний рейтингда биринчи ўринни эгаллаб, учта олтин, битта кумуш ва иккита бронза медалига сазовор бўлди. Эркаклар рейтингида иккинчи ўринни учта олтин ва учта бронза медали билан Қозоғистон терма жамоаси эгаллади. Франция терма жамоаси эса кучли учликка якун ясади.
Эркаклар ва аёллар ўртасидаги натижаларни қамраб олган умумжамоа ҳисобида мезбонлар — Хитой терма жамоаси бешта олтин, битта кумуш ва учта бронза медали билан биринчи ўринни банд қилди.
Иккинчи ўрин бешта олтин ва учта бронза медали жамғарган Қозоғистон терма жамоасига насиб этди. Ўзбекистон терма жамоаси эса тўртта олтин, учта кумуш ва тўртта бронза медали билан дунёнинг энг кучли уч жамоаси қаторига кирди.
Жаҳон кубогининг олтин медалларини Абдумалик Халоков (60 кг гача), Турабек Хабибуллаев (90 кг гача), Жавоҳир Умматалиев (80 кг гача) ва Нигина Уктамова (57 кг гача) қўлга киритди.
Кумуш медалларга Асилбек Жалилов (50 кг гача), Фарзона Фозилова (48 кг гача) ҳамда Олтиной Сотимбоева (80 кгдан юқори) сазовор бўлди.
Мусобақанинг бронза совриндорлари сифатида Акмалжон Исроилов (85 кг гача), Арман Маханов (90 кгдан юқори), Ситора Турдибекова (60 кг гача) ва Азиза Зокирова (75 кг гача) қайд этилди.