Ўзбекистон Бутунжаҳон этноспорт фестивалида иштирок этмоқда
Ўзбекистон Бутунжаҳон этноспорт фестивалида иштирок этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркиянинг Истанбул шаҳрида дунё халқларининг қадимий анъаналари ва миллий ўйинларини бирлаштирган навбатдаги Бутунжаҳон этноспорт фестивали бошланди.
Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ҳамда Паралимпия қўмиталари, шунингдек, мамлакат Этноспорт федерацияси раҳбарияти қатнашмоқда.
Фестиваль доирасида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раҳбари Нажмиддин Билол Эрдўғон билан мулоқот ўтказдилар.
Унда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, миллий қадриятлар ва спорт турларини глобал миқёсда кенг тарғиб этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, Грузия спорт вазири Шалва Гоголадзе билан ҳам учрашув ўтказилди.
Тадбир майдонларида ўзбек жанг санъати ва кураш каби миллий спорт турларимиз бўйича маҳоратли спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилмоқда. Фестиваль иштирокчилари ва хорижлик меҳмонлар учун миллий таомимиз палов тайёрланиб, барчага тортиқ этилди.