Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Адлия академияси халқаро таълим рейтингида салмоқли натижа қайд этди.
UI GreenMetric World University Rankings 2026 натижаларига кўра, Академия дунёнинг 110 мамлакатидаги 2 мингдан ортиқ олий таълим муассасалари орасида 901-ўринни эгаллаб, халқаро рейтинг иштирокчиларининг биринчи мингталигига кирди.
Ушбу натижа Академиянинг барқарор ривожланиш, замонавий таълим муҳитини шакллантириш ва экологик масъулиятни ошириш каби йўналишлардаги фаолиятини акс эттиради.
UI GreenMetric World University Rankings рейтинги олий таълим муассасаларининг барқарор ривожланиш ва экологик кун тартибига қўшаётган ҳиссаси нуқтаи назаридан фаолиятини баҳолайди.
Рейтинг доирасида таълим муассасалари фаолиятининг инфратузилмани ривожлантириш, экологик сиёсат ва қулай таълим муҳитини яратиш билан боғлиқ турли жиҳатлари ҳисобга олинади.
Адлия академиясининг халқаро рейтинг ТОП-1000 талигига кириши унинг халқаро таълим маконидаги иштирокини кенгайтириш ва халқаро даражада танилиши ортиб бораётганини кўрсатувчи кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Қайд этилган натижа, шунингдек, Академиянинг таълим ва барқарор ривожланиш соҳасидаги замонавий халқаро ёндашувларга мос келишга интилаётгани, шунингдек, долзарб экологик ва ижтимоий тамойилларни инобатга олган ҳолда таълим инфратузилмасини изчил ривожлантираётганидан далолат беради.