Технологиялар

Ўзбекистон 5 млн долларлик мукофот жамғармасига эга стартаплар танловини йўлга қўяди

Ўзбекистон 5 млн долларлик мукофот жамғармасига эга стартаплар танловини йўлга қўяди
Ўзбекистон 5 млн долларлик мукофот жамғармасига эга стартаплар танловини йўлга қўяди / Фото: IT Park Uzbekistan.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 2027 йил апрель ойидан бошлаб умумий мукофот жамғармаси 5 млн доллар бўлган Land of Startups халқаро стартаплар танловини ўтказишни бошлайди. Тегишли 593-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори 2026 йил 28 октябрда қабул қилинган.

Танлов ҳар йили ташкил этилади. У хорижий стартап лойиҳалари ва уларнинг асосчиларини Ўзбекистонга жалб қилиш, технологиялар трансферини жадаллаштириш ҳамда мамлакатни минтақавий стартап маркази сифатида ривожлантиришга қаратилган.

Ҳужжат Президентнинг 2026 йил 11 февралдаги «Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-59-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Танлов бешта йўналишни қамраб олади: сунъий интеллект технологиялари; таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат хизматларини ўз ичига олган ижтимоий соҳадаги рақамли ечимлар; молиявий технологиялар; креатив индустриялар ҳамда компьютер ва мобил ўйинларни ишлаб чиқиш; бизнес ва саноат учун ечимлар.

25 та ғолиб жамоанинг ҳар бири IT Park дирекцияси ҳузуридаги венчур фондидан 200 минг долларгача инвестиция олиши мумкин. Маблағлар ҳар томонлама текширув (due diligence) жараёнидан ўтилганидан кейин ажратилади.

Қарорда IT Park фаолияти қоидаларига ўзгартишлар киритиш ҳам назарда тутилган.

Жумладан, IT Park резидентлари томонидан автоматлаштириш соҳасида ишлаб чиқилган ҳисобга олиш ва ўлчаш воситаларини солиқ органларининг ахборот тизимларига мажбурий интеграция қилиш талаби бекор қилинади.

Бундан ташқари, IT Park дирекцияси солиқ ва статистика ҳисоботларини, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида ўтказилган ўқув курслари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш мажбуриятидан озод қилинади.

IT Park резидентлари учун рухсат этилган фаолият турлари рўйхати ҳам кенгайтирилади. Унга буюмлар интернети (IoT) ва сунъий интеллект қурилмаларини, микро ва наноэлектроника маҳсулотларини, интеллектуал роботларни ишлаб чиқариш ва сотиш, шунингдек, бизнес-фаришталар клублари фаолияти киритилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.