Иқтисод

«Ўзбекгидроэнерго» Kumsung билан ҳамкорликни муҳокама қилди

«Ўзбекгидроэнерго» Kumsung билан ҳамкорликни муҳокама қилди
«Ўзбекгидроэнерго» Kumsung билан ҳамкорликни муҳокама қилди / Фото: «Ўзбекгидроэнерго» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекгидроэнерго» АЖ гидроэнергетика соҳасига ихтисослашган Жанубий Кореянинг Kumsung Engineering & Construction Co., Ltd. компанияси билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ хабар берди.

Жамият бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов бошчилигидаги компания делегацияси Kumsung Engineering & Construction тақдимоти билан танишди. Корея томони вакиллари компаниянинг асосий фаолият йўналишлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва технологик имкониятлари, маҳсулотлар каталоги, шунингдек, кичик ва микроГЭСларни ривожлантириш бўйича таклифларини тақдим этди.

Тақдимот ва амалий музокаралар давомида кичик ва микроГЭСларни қуриш бўйича Корея технологияларини Ўзбекистон шароитига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар мавжуд ирригация тармоқлари ва гидротехника иншоотларининг энергетик салоҳиятидан самарали фойдаланиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда замонавий гидроагрегатлар ишлаб чиқариш, тегишли технологияларни ўзлаштириш ва қўшма амалий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

«Ўзбекгидроэнерго» делегацияси таркибида «Гидропроект» АЖ, «Uzhydropower» заводи, Миллий тадқиқот университети — «ТИИИМСХ», шунингдек, Тошкент давлат техника университети профессор-ўқитувчилар таркиби вакиллари ҳам иштирок этди.

Уларнинг иштироки ҳамкорлик истиқболларини ишлаб чиқариш, муҳандислик ҳамда илмий-техник нуқтаи назардан кўриб чиқиш, шунингдек, Kumsung Engineering & Construction технологик ечимларини Ўзбекистон гидроэнергетикаси эҳтиёжларига мослаштириш имкониятларини баҳолаш имконини берди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликнинг кейинги йўналишларини ва амалий ҳамкорликни давом эттириш масалаларини белгилаб олди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.