Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Швеция ҳукуматлари ўртасида миграция ва ҳаракатчанлик соҳасида комплекс ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни тасдиқлади. Тегишли қарор 2026 йил 11 сентябрда қабул қилинди.
Келишув 2026 йил 10 июнь куни Тошкент шаҳрида имзоланган.
Ҳужжатни амалга ошириш учун алоҳида йўналишлар бўйича масъул органлар белгиланди. Миграция агентлиги ташқи меҳнат миграцияси масалалари, Ички ишлар вазирлиги реадмиссия, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги эса талабалар ва академик алмашинув билан боғлиқ масалалар учун масъул бўлади.
Дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод қилиш масалалари бўйича масъул орган этиб Ташқи ишлар вазирлиги белгиланди.
Ташқи ишлар вазирлиги келишув кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-таомиллари Ўзбекистон томонидан бажарилгани ҳақида Швеция томонига хабарнома юбориши, шунингдек, уни амалга ошириш учун масъул ваколатли органлар ҳақида маълумот бериши керак.
Келишув кучга кирганидан сўнг Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари унинг қоидалари белгиланган тартибда бажарилишини назорат қилишни таъминлаши лозим.